24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида Қозоғистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ҳафта Қирғизистонда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари юксак баҳоланди.

Минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.