Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан пойтахт бўйлаб Қорақалпоқ адабиёти кунлари ўтказилди.

Мамлакат раҳбари жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида бу буюк халқнинг беназир истеъдодлари, бетакрор ва мафтункор адабиёти ҳақида самимий фикрлар билдириб, мамлакатимиз бўйлаб Қорақалпоқ адабиёти кунларини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

Шу муносабат билан мазкур тадбир 23-24 июнь кунлари Хоразм вилоятида бўлиб ўтди. Кўтаринки руҳда ташкил этилган адабиёт кунлари ижод аҳлига ўзгача илҳом бахш этди.

Тантана муносабати билан 22 нафар ёзувчи, шоир, таржимон айни кунларда пойтахтда бўлиб турибди. Адабий тадбир Адиблар хиёбонида Алишер Навоий ва Бердақ ҳайкаллари пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қорақалпоқ адабиёти кунларининг очилиш маросими ўтказилди.

Унда уюшма раиси Сирожиддин Саййид ўз нутқида ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари азалдан бир-бирига боғлиқ ва мустаҳкам эканини таъкидлади. Ҳозирда «Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари» 16 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилаётгани, унга «Маспошшо», «Шаҳриёр», «Қирқ қиз» каби қорақалпоқ халқ эпослари, Жиян Жиров каби халқ оқинлари, шунингдек, қорақалпоқ адабиётининг мумтоз вакиллари Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа, ХХ аср адабиётининг йирик вакиллари Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов, Ақмет Ақназаров ва бошқаларнинг асарлари киритилганини ва «Туркий адабиёт хазинасидан» 100 жилдлик асарлар мажмуасида ҳам қорақалпоқ адабиёти учун муносиб ўрин ажратилганини айтиб ўтди. Ўз ижодидан янги шеър ўқиб берди.

– Президентимизнинг Қорақалпоқ адабиёти кунларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси, қорақалпоқ тилида қалам тебратадиган ижодкорларни мамнун қилди, – деди Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов. – Ушбу муҳим тадбирга аввал Хоразмда, бугун Тошкентда гувоҳ бўлмоқдамиз. Таассуротларимизнинг чеки йўқ. Бу эса ижодимизга катта куч беради. Шунингдек, қорақалпоқ тилида ижод қилаётган ёшларга ҳам янада илҳом бахш этади. Чин маънода қорақалпоқ адабиёти ҳудудлар бўйлаб кенг тарғиб қилишга арзигулик бойлиги бор.

Очилиш марсимида Кенгесбой Каримов, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири Назира Матёқубова сўзга чиқиб, ушбу адабий жараёнларнинг аҳамиятига тўхталди. Уюшма аъзоси Икром Отамурод Қорақалпоғистонга бағишланган шеърини ўқиб берди.

Тадбирда меҳмонларга уюшма томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди. Ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейида ҳам бўлди. Устоз адибларнинг ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар, дурдона асарларнинг асл нусхалари билан танишди.

Куннинг иккинчи ярми Адиблар хиёбонидаги Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қайпбергенов ҳайкали пойида гул қўйиш маросими билан давом этди. Шундан сўнг Ёзувчилар уюшмасида Шарап Уснатдинов қаламига мансуб «Ибройим Юсупов» романининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти ўтказилди. Асар таржимони Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон китобнинг мазмуни, икки халқ адабиётидаги аҳамияти ҳақида гапирди. Таржима жараёни билан ўртоқлашди. Тақдимотда сўзга чиққанлар ушбу романнинг ўзбек тилида чоп этилиши бугунги адабиёт байрамига катта туҳфа эканини билдирди. Ўзбек ва қорақалпоқ ижодий муҳити ҳамда устоз адиблар билан боғлиқ илиқ хотираларини бўлишди.

Шундан сўнг меҳмонлар «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока», «Жаҳон адабиёти» журналлари таҳририятлари билан танишди. Оқшомда эса пойтахтимиздаги “Tashkent City” ва «Янги Ўзбекистон» боғини саёҳат қилишади.

Қорақалпоқ адабиёти кунлари эртага Тошкент вилояти бўйлаб давом этиши режалаштирилган.

Д.Маматова, ЎзА мухбири