Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш ва фаолияти самарадорлигини яхшилаш ҳамда референдум жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий кўникмаларини шакллантириш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Божхона институти ўртасида тузилган келишув асосида ҳамкорликда иш олиб борилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йилда ўтказиладиган референдум илк маротаба “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунига киритилган янги қоидалар асосида ўтказилади.

Референдумни юқори савияда ташкил этиш, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказиш мақсадида референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда тизимли семинар-тренингларни ташкил этиш ва уларни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш лозим.

МСК томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика штаби тузилади.

Ҳамкор ташкилотлар мутахассислари орасидан референдумга оид қонунчилик ва амалиёт бўйича юқори малакали экспертлар таркиби шакллантирилади. Мазкур штаблар экспертларининг ваколат ва вазифалари белгиланади.

Семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказиш уч босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ташкилий-услубий ишлар амалга оширилади. Хусусан, юқори малакали экспертлар томонидан МСК билан келишилган ҳолда семинар-тренингларнинг ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллари  тайёрланади ва тасдиқланади.

Ўз навбатида, республика штаби томонидан – мамлакатнинг етакчи олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари орасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳар бирига 6-8 нафардан жами 100 нафар республика тренерлари таркиби шакллантирилади.

Ҳудудий штаблар томонидан – республиканинг 208 туман/шаҳарлари кесимида семинар-тренингларни ташкил қилиш учун, республика штаби томонидан тайёрланган режа жадвалида белгиланган миқдорда жами 972 нафар ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилади.

Иккинчи босқичда референдум қонунчилиги бўйича ҳудудий тренерлар ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолигига номзодларни (аъзоларни) ўқитиш ташкил этилади.

Давлат бошқарув академиясида юқори малакали экспертлар томонидан 100 нафар республика тренерлари учун икки кунлик ўқув-дастурига асосан семинар-тренинглар ўтказилади. Республика тренерлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида 972 нафар ҳудудий тренерлар учун икки кунлик ўқув-дастурига асосан семинар-тренинглар ўтказилади.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан участка комиссияси аъзолигига (раис, раис ўринбосари, котиб) номзод сифатида тавсия этилган жами 33 минг нафар тингловчи рўйхати шакллантирилади.

Ҳудудий тренерлар томонидан туман/шаҳар марказларида референдум участкалари учун мўлжалланган биноларда 18-24 нафар тингловчидан иборат шакллантирилган гуруҳлар кесимида интерактив усулларда участка комиссияси аъзолигига номзодлар ўқитилади.

Учинчи босқичда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ишлаш бўйича тренерлар ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолигига номзодларни ўқитиш ташкил этилади.

Н.Абдураимова, ЎзА