Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган округларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қўшимча ва ўзгартиш киритиш юзасидан билдирилаётган таклифларни муҳокама қилиш, аҳоли вакилларининг референдумда фаол иштирок этиши ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Тўрткўл туман ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда туман Кенгаши депутатлари, фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва фаоллар иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Мамутов томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтирилди. Шу билан бирга, конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича бир қанча таклифлар билдирилди.

Учрашув иштирокчиларига Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг аҳамияти  юзасидан тайёрланган тақдимот ва видеоролик намойиш этилди.

Ушбу мавзудаги давра суҳбати Шўманой тумани ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Ибрагимов бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА