Нукусдаги санъат саройида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов ёшлар билан учрашди.

“Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбир олдидан Оролбўйи ёшларининг турли соҳаларда қўлга киритган ютуқлари кўргазмаси ҳамда видеоролик намойиш этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда барча эътибор иккита асосий масалага, яъни Ёшлар куни байрами ҳамда Конституциявий ислоҳотлар жараёнига қаратилмоқда. Энг аҳамиятлиси, аҳоли, шу жумладан, ёшларимиз буюк келажакни қуриш йўлида ишончли қадам ташламоқда.

Шунинг учун ҳам ёшларимиз ушбу жараёнда иштирок этишни она Ватанимиз, халқимиз олдидаги бурчи, деб билмоқда. Бунга тўла асослар бор. Чунки давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигини ҳар бир инсон, шу жумладан ёшларимиз ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.

Қисқа вақт мобайнида Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 20 дан зиёд фармон ва қарор қабул қилинди. Ушбу мақсадлар учун 30 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди.

Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, экологик ҳолатни яхшилаш борасидаги эзгу лойиҳалар, тадбиркорлар учун берилаётган имтиёзлар, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бу ҳудудга қаратилаётган эътиборнинг намунасидир. Энг асосийси, бундай катта ўзгаришларни ҳар бир соҳада, шаҳар ва чекка қишлоқлар мисолида кўриш мумкин.

Президентимиз ёшларни ўзининг қўл-қаноти, деб билади. Зотан, юртбошимиз таъкидлаганидек, “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз”.

Алоҳида иқтидори ва маҳорати билан ажралиб турадиган бир гуруҳ ёшлар давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланмоқда. Халқаро фан олимпиадаларида ва спорт мусобақаларида юксак натижаларни қўлга киритиб келмоқда.

Албатта ёшлар конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этади. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлмиш йигит-қизларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш – долзарб масаладир”, деган таклифни илгари сурди. Бу таклифни ёшларимиз катта хурсандчилик билан қарши олди. Бунга жавобан ёшлар давлатимиз тақдирига бефарқ бўлмасдан, бугунги янгиланишлар ва келгусидаги режаларга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканини билдирмоқда.

– Биз, ёшларга ўз иқтидоримизни намойиш этишимиз учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди Тошкент давлат педагогика университети магистранти, “Умид учқуни” кўкрак нишони соҳиби Зинатдин Нуратдинов. –2018 йилда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган “Шарқ эртаги” номли XIV халқаро мусиқа санъати фестивалининг халқ вокали номинациясида ёшлар ўртасида I даражали диплом билан тақдирланиб, олтин медални қўлга киритдим ва 2 та кубок соҳиби бўлдим. 2019 йил Сурхондарё вилоятида ўтказилган I халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида “Baxshi сhelendj” танловининг “Ижтимоий тармоқда энг кўп кўрилган видеолавҳа” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдим. 2019 йилда Қирғизистон Республикаси Чолпон-Ота шаҳрида ўтказилган “Culture of the peoples of the world” халқаро танловида учинчи ўринни, Бишкек шаҳрида ўтказилган “Echo of autumn” халқаро танловида биринчи ўринни эгалладим. Бу мен каби изланаётган, тиниб-тинчимаётган тенгдошларимнинг ҳам ютуғидир.

Тадбирда бир гуруҳ ёшларга “Умид учқуни” кўкрак нишони ва совғалар топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА