Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўринишидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шундай халқлар қаторига бемалол қўша оламиз. Ҳар икки миллат вакиллари бир-бирини таржимасиз тушуна олади. Турмуш тарзимиз, анъана ва урф-одатларимиз, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда муштарак жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин.

Бу икки буюк халқни асрлар, минг йиллар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ўхшаш жиҳатлар ҳам бор. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш, “Авесто” китоби, шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари ана шу азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мусиқасининг гултожи саналган нодир мақомларимиз ва бетакрор Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди.

Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланди.

Озарбайжон Президентининг давлат ташрифи Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжоннинг умуммиллий етакчиси ва биродар озарбайжон халқига ўз ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

– Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг очилиш маросимидан бошлангани катта рамзий маънога эга.

У киши XX асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тарихга кирди. Ҳайдар Алиевнинг қатъияти, кучли сиёсий иродаси ва беқиёс етакчилик сифатлари туфайли ёш суверен давлат барча қийинчилик ва синовларни муносиб енгиб ўтди, – деди Президентимиз.

Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон умуммиллий етакчиси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва қардош халқларимизнинг тарихий ришталарини изчил мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.

Озарбайжон Президенти, ўз навбатида, ушбу ташриф унинг пандемиядан кейинги илк хорижий ташрифи эканини қайд этиб, давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига Ҳайдар Алиевнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлашга қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди.

– Азиз қардошим Шавкат Миромоновичдан Тошкент марказида отам Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб шундай кўркам гўшани барпо этиш ташаббуси учун жуда миннатдорман. Биз буни ўзбек қардошларимизнинг буюк етакчимизга, умумий тарихимизга чинакам биродарона муносабати сифатида қабул қиламиз. Бу бутун Озарбайжон халқига ҳурмат ифодаси ҳамдир, – деди Озарбайжон етакчиси.

Маросимда зиёлилар, нуронийлар, озарбайжон юртдошларимиз ҳам сўзга чиқди. Улар Ҳайдар Алиев номидаги обод кўча ва хиёбон қардош халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин рамзи эканини таъкидладилар.

Ўзбекистонда озарбайжон миллатига мансуб 40 минг нафарга яқин юртдошларимиз истиқомат қилмоқда. 2003 йилда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган. 2010 йилда Озарбайжон элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг янги биноси очилган.

Шундан сўнг Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга келган олий даражадаги меҳмонлар томонидан ушбу монументга гул қўйиш маросими анъанага айланди.

Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди.

Давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради. Мамлакатларимиз етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Маросимда Ўзбекистон ва Озарбайжон расмий делегациялари аъзолари иштирок этди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

2021 йил сентябрь ойида Озарбайжонда мамлакатимиз автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес-форумда умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилдилар.

Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш муҳим эканини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишни очар экан, Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги эканини таъкидлади. Мамлакатларимизни дин, маънавий қадриятлар муштараклиги, анъаналар, тил ва маданият ўхшашлиги боғлаб туради.

Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиққани, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқлади.

Ўзбекистон Президенти ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш, икки мамлакат иқтисодиётини тўлдириб турувчи омиллардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Мамлакатларимизда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинди.

Шунингдек, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатларимиз ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан, “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – қишлоқ хўжалиги. Бу борадаги имкониятлар қайд этилар экан, мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олиш топширилди.

Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутади. Томонлар яқин фурсатда мамлакатларимиз пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Президентлар бу борада алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватладилар.

Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Президентлар музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч, англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон делегациясини самимий қутлаб, икки халқ муносабатларининг шонли тарихи бугунги кўп қиррали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади.

– Маънавий қадриятларимиз, динимиз бир, маданият ва тилимиз ўхшаш, – деди Шавкат Мирзиёев. – Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Беруний асарларида Озарбайжоннинг шарқ ва ғарб тамаддунлари бир-бирини бойитган кўплаб шаҳарлари тилга олинган. Шарқшунослик институти фондларида эса Низомий, Хоқоний, Тусий, Фузулий, Хатоий ва бошқа озарбайжон шоир ва мутафаккирларининг ўнлаб ноёб қўлёзмалари авайланиб сақланмоқда.

Бу ўзбек халқи азал-азалдан озарбайжон маданиятига катта ҳурмат ва қизиқиш билдириб келаётганининг яна бир далилидир, деб таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

– Тор ва кенгайтирилган таркибдаги учрашувларда икки томонлама кун тартибидаги масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Музокаралар ҳамкорлигимизни халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигимизни кўрсатди. Салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Улар орасида икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берадиган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация имзоланди. Биз ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини ҳам белгилаб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар ҳамкорликни тубдан фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги, энг аввало, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришига ишонч билдирдилар.

Ҳожиқабул шаҳрида автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, ипакчилик соҳасидаги ҳамкорлик ривожланаётгани бунга мисол. Қазиб чиқариш, нефть-кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, заргарлик буюмларни ишлаб чиқариш, виночиликда ўнлаб янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Навбатдаги стратегик йўналиш – стратегик коммуникацияларни ривожлантириш. Бугун юкларни, шу жумладан, “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўли орқали ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Томонлар янги йўлакларни ташкил этиш, мультимодал ташишларни кўпайтириш, транспорт корхоналари учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишиб олдилар.

Иқлим билан боғлиқ хатарлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, музокараларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илмий ва инновацион ечимлар билан фаол алмашиш, аграр тармоқни рақамлаштириш бўйича шерикликни йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қарор қилинди.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунга жорий йил кузида Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форумининг ўтказилиши хизмат қилади.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз азалдан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Музокаралар якунида Маданият ва кино кунларини ўтказиш, гуманитар ва туризм алмашинувига доир дастурларини ривожлантиришга аҳдлашиб олинди.

– Озарбайжон Президентининг тарихий аҳамиятга эга давлат ташрифи олдинга ташланган улкан қадамдир. Бугун биз биродар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини чуқурлаштириш учун барча шароитларни шакллантирдик, – деди Ўзбекистон Президенти.

Президент Илҳом Алиев таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардан хурсанд эканини таъкидлади.

– Қардош Ўзбекистон заминида бўлиб турганимдан, Сиз билан икки томонлама муносабатларнинг кенг доираси ва ташқи сиёсий кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилишдан мамнунман, – деди Илҳом Алиев. – Ўйлайманки, бу ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли ташриф. Чунки муҳокама қилинган мавзуларнинг моҳияти, шакли, мазмуни бўйича ҳам, биз қабул қилган қарорлар бўйича ҳам ушбу ташриф ва келишувлар муносабатларимизнинг янада ривожланишига асос бўлади.

Озарбайжон етакчиси имзоланган ҳужжатлар ва бугунги вазифалар ижроси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашини қайд этди.

– Бугун биз иқтисодий ҳамкорлик, бизнес тузилмалари ўртасидаги алоқалар, хавфсизлик ва мудофаа қобилияти, маданий-гуманитар алоқалар тўғрисида фикр алмашдик. Яъни, кенг маънода айтадиган бўлсак, фаол ҳамкорлигимиз учун пойдевор яратилмоқда, – деди Озарбайжон Президенти.

Давлат раҳбарлари халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро мулоқот конструктив кечаётгани ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидладилар.

Шундан сўнг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди.

Кўксаройда бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиздаги эркин иқтисодий зоналар, технопарклар бунинг учун қулай майдон.

Пойтахтимиздаги Технопаркда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа йўлга қўйилган. Бугунги кунда шундан 13 таси ишга тушган бўлиб, электрон газ ҳисоблагич, музлатгич, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, лифт ва эскалаторлар, сув насослари, эшик ва дераза ромлари учун аксессуарлар ясалмоқда. Бу товарлар хорижий брендлар назорати остида тайёрланиши боис минтақа бозорларидан ўрин эгалламоқда.

Бу йил изоляция маҳсулотлари, сув иситиш ускуналари, ошхона техникаси корхоналари ҳамда логистика маркази фойдаланишга топширилади.

Озарбайжон Президенти ва меҳмонларга бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берилди.

Давлат раҳбарлари саноат соҳаси мутасаддиларига биргаликда ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат кооперацияси ва савдони кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига дарахт экди.

Бу ташрифга узоқ ва пухта тайёргарлик кўрилган эди. Эришилган натижалар шунга муносиб бўлди – икки мамлакат ҳамкорлиги келажагига мустаҳкам пойдевор қўйилди.

Давлат раҳбарлари эккан ниҳол ушбу янги режаларнинг, халқларимиз дўстлигининг рамзи сифатида гуллаб-яшнайди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири