Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари бу муассасанинг эски биносини ўтган йили 14 майда бориб кўрган эди. У пайтда шифохона Республика гематология маркази бўлиб, катталарга ҳам, болаларга ҳам бир жойда хизмат кўрсатиларди. Дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги 30 фоиздан ошмасди.

Бинодаги шароитлар ҳам ачинарли эди. Бир хонада 3-4 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Овқат учун ҳар бир беморга кунига 11 минг сўм ажратилган холос. Лаборатор таҳлилларнинг ярми хусусий клиникаларда ўтказиларди.

Шундан сўнг, бу ерда кўрилганлар, ота-оналар ва мутахассислар билан мулоқотлар асосида, Президентимиз 2021 йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, болалар гематологияси ва онкологияси соҳаси катталар шифохонасидан ажратилиб, алоҳида марказга айлантирилди. Бу муассаса учун Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасида қурилган янги бино берилди ва жорий йил январдан иш бошлади.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.

Янги марказда ўринлар сони олдинги 85 тадан 160 тага етказилган. Бемор бола ва унинг ота-онаси учун алоҳида шарт-шароитлар яратилган.

Бугунги кунда 101 нафар бола даволанмоқда. 130 дан ортиқ шифокор, жумладан, 38 нафар илмий ходим ва юзлаб ҳамширалар уларга қалб қўрини бағишлаётир.

Болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланган. Бу йил аввалгиларига қўшимча 14 турдаги асбоб-ускуна келтириб ўрнатилди.

Дори воситалари билан таъминлаш даражаси ҳам оширилди. Масалан, 2016 йилда бунинг учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозир бу миқдор қарийб 60 баравар оширилиб, 170 миллиард сўмга етди. 91 турдаги онкогематологик дори воситалари давлат ҳисобидан бепул берилмоқда.

Чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Жумладан, ўзак хужайралари трансплантацияси сони ошди.

Яна бир муҳим жиҳати, молекуляр генетика, иммуногистохимия каби мураккаб ташхислар шу ернинг ўзида йўлга қўйилди. Илгари бунинг учун намуналар Ҳиндистон, Туркия, Россия каби давлатларга текшириш учун юборилар эди.

Болаларнинг даволаниши билан бирга таълим-тарбияси ҳам эътиборда. Бу ерда “Замин” фонди томонидан 40 ўринли мактаб ва 30 ўринли боғча ташкил этилган. “Меҳрли мактаб” ва “Илк қадам” номли ушбу гўшаларда болалар билим олиб, қизиқарли машғулотларни ўрганмоқда.

Президентимиз марказда даволанаётган болалар ва уларнинг оналарига далда берди.

– Ёнингизга яна келишдан мақсадим – сизларга куч бериш, умидни икки карра кўпайтириш. Бу ҳаммамизга синов. Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз болаларнинг орзу-истакларини қўллаб-қувватлади, тезроқ соғайиб, яхши ўқишларини тилади.

Шу ерда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини кенгайтириш режалари тўғрисида маълумот берилди.

Унга кўра, гемапоэтик ўзак хужайраларини аллоген ва аутологик трансплантация қилиш учун 2 та асептик бино, ҳудудлардан узоқ муддатга келадиганлар учун 200 ўринли хостел барпо этилади. Йил якунигача марказга яна 67 турдаги жиҳозлар келтирилади.

– Бу соҳа юртимизда янги тизим. Энди уни ҳудудий шифохоналардаги шундай бўлимлар билан боғлаб, касалликларни эрта аниқлаш зарур. Қуйи поғонада скринингни кенгайтириб, «касалликдан олдин юриш» керак, – деди Президент.

Ушбу марказ негизида илмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

– Бинода шароит бор, муваффақият йўқ. Муваффақият илмда! Шунинг учун бу ер касаллик омилларидан тортиб, самарали даволаш услубларигача ўрганиш бўйича илмий марказ бўлиши керак. Вилоятлардаги тиббиёт ходимлари келиб, малака оширсин, – деди давлатимиз раҳбари.

Бу соҳа юксак ривожланган Германия тажрибаси асосида даволаш протоколини янгилаш, мутахассислар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимизнинг Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига ташрифи чоғида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 20 миллионини болалар ва туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Уларнинг саломатлигини алоҳида эътиборга олиш мақсадида шу йилдан барча туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилди. Куну тун ишлайдиган педиатр шошилинч постлари ва болалар реанимация бўлимлари қайта тикланди.

Туғруқ комплекси ва перинатал марказлар, аёллар маслаҳатхоналари томонидан йилига 850 минг нафар ҳомиладорларга малакали тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Барча марказий поликлиникаларда “Онко-назорат” хоналари ташкил этилиб, 35 ёшдан ошган аёллар ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилмоқда. Бу аёлларда саратон касалликларини эрта аниқлаш имкониятини 10 баробарга оширди.

Бу ишлар натижасида сўнгги олти йилда оналар ўлими интенсив кўрсаткичи 21 дан 15 га, гўдаклар ўлими 11 дан 8 га камайган. Лекин битта шундай ҳолат ҳам жамиятимиз учун катта фожиа.

Шу боис йиғилишда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда республикамиз бўйича атиги 16 та шифохонада асоратли ҳомиладорликка ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилмоқда. Шу боис 46 та туман ва шаҳардаги туғруқ мажмуаларида зарур шароитлар яратиб, туманлараро перинатал марказга айлантирилиши қайд этилди.

Ҳар бир поликлиникада ташкил этилган 17 мингта тиббий бригада учун малакали доялар тайёрлаб, фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

Бу йил Тошкент шаҳридаги 15 та туғруқхонада чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини текшириш бошланди. Мутахассисларни ўқитиб ва махсус ускуналар харид қилиб, келгуси йилдан барча туғруқхоналарда жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Бугунги кунда туғиш ёшидаги аёллар соғлиғига – Репродуктив саломатлик маркази, ҳомиладаги нуқсонларни аниқлашга – Скрининг маркази, фарзанд кўриш жараёнига – Акушерлик ва гинекология маркази масъул ҳисобланади.

Уларнинг ҳудудий филиаллари бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишламагани сабабли аёллар сарсон бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур 3 та муассасани бирлаштириб, янги марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Бу янги марказ инновацион технологиялар асосида репродуктив саломатликнинг тиббий-биологик муаммоларини ҳал этиш, туғма ногиронликнинг олдини олиш бўйича генетик тадқиқотлар олиб бориш, бехатар оналикни таъминлаш каби жуда муҳим вазифаларга ихтисослашади.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари, шифокорлар, ҳокимлар сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Вилоят ҳокимлари онкология ва гематология хизматларини ривожлантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш чоралари бўйича ҳудуд халқига мурожаат қилиши белгиланди.

ЎзА