Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июнь куни хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Хизматлар – кам харажат билан кўп аҳолининг бандлигини таъминласа бўладиган соҳа. Шу боис ҳудудларда маиший хизмат уйлари ташкил этилмоқда, ишсизлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда, маблағ ва шароит билан таъминланмоқда.

Жорий йил 27 январда давлат раҳбарининг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, бу соҳага кўплаб енгилликлар берилди ва имтиёзли ресурслар ажратилди.

Булар орқали жорий йилда 120 мингдан ортиқ янги лойиҳаларни амалга ошириб, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш режа қилинган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда бу борада ҳудудларда бажарилган ишлар таҳлил қилинди.

Ҳокимлар халқни ўйлаб, ҳалол ишлаб, тадбиркорларга ер, бино ва инфратузилма масаласида ёрдам берган жойларда натижа бўлган. Масалан, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида минглаб иш ўринлари очилган.

Январь-май ойларида хизматлар соҳасида 232 минг иш ўрни яратилган. Лекин Жиззах, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида бу борадаги натижалар паст.

Сўнгги икки ойда хизмат жойлари ташкил этиш учун 12 мингта ер майдони аукционга қўйилган. Лекин 27 та туманда савдога чиқарилган майдонлар сони 10 тага ҳам етмаган.

Шу сабабли бундай сусткашликка йўл қўйган шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига интизомий жазо чоралари белгиланди.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 9 ой ва йил якунигача бўлган режалар муҳокама қилинар экан, Бухоро тажрибаси бу борада намуна қилиб кўрсатилди.

Мисол учун, Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган. Имтиёзли кредитлар самарадорлиги таҳлил қилинганда, бир иш ўрни очиш учун ўртача 8-9 миллион сўм кетган, холос.

Мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа шаҳар ва туман марказларида ҳам жорий қилиш, бунинг учун хавфсизлик талаблари ҳамда ижарага бериш шартларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Умуман, юртимизда аҳолига қулай ва серқатнов йўл бўйларида давлат идораларининг балансидаги 4 мингга яқин маъмурий бино жойлашган. Ушбу бино ва иншоотлардан ҳам сервис соҳасида самарали фойдаланиш мумкинлиги таъкидланди.

Хизмат шохобчалари ташкил этиш учун, аввало, қулай жой керак. Шу боис йиғилишда яна 25 мингта ер майдонлари сервис ва савдо объектлари учун аукционга чиқарилиши белгиланди.

Бу борада аҳолига янада қулайлик яратиш учун энди ерларни аукционга қўйиш жараёни ижара бўйича 48 кундан 15 кунга, мулк ҳуқуқида 74 кундан 20 кунга қисқартирилади. Ер майдонларини баҳолаш экспертизадан ўтказилмайди, ҳақиқий баҳоси аукционда аниқланади.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 январдан бошлаб, ерларни аукционга чиқаришда кадастр идораларида бор маълумотларни бошқа идоралар билан келишиш тартиби бекор қилинади. Барча вазирликларнинг кадастр маълумотлари Миллий геоахборот тизимига киритилади.

Жорий йил 1 сентябргача 205 та туман ва шаҳарда 253 та махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун ўтган йили республика бюджетидан 1 триллион 400 миллиард сўм, жорий йилда эса 900 миллиард сўм ажратилган.

Масалан, Жиззах шаҳрининг “Жиззахлик” маҳалласидаги ёпиқ кўча Шароф Рашидов марказий кўчасига боғланиб, савдо ва сервис шохобчаларига туну кун ишлашга рухсат берилган. Натижада бизнес ривожланиб, 200 та иш ўрни пайдо бўлган.

Вилоят ҳокимларига шаҳар ва туманларда шундай кўчалар ташкил этиб, сервисни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ёки яна бир мисол: Бойсундаги машҳур Омонхона сиҳатгоҳи атрофида 3 та меҳмонхона бор. Лекин жой етишмаслиги сабабли меҳмонларни қишлоқдаги хонадонлар қабул қилади. Агар бу сиҳатгоҳга олиб борувчи йўл яхшиланса, меҳмонлар сони янада кўпайиши, йўл бўйида 200 дан зиёд савдо ва хизмат объектлари ташкил этилиши мумкин. Шу боис, мутасаддиларга Омонхона қишлоғини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шундай ёндашув асосида, хорижий консалтинг компаниялари ва экспертларни жалб қилиб, 28 та шаҳар ва хизмат салоҳияти юқори 10 та туманнинг “мастер режаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президент кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ҳудудида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади. Бу орқали қарийб 50 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

Йиғилишда транспорт соҳасига хусусий инвесторларни жалб қилиш, хизматлар турини кўпайтириш, Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини трансформация қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари яқинда маҳаллаларда бўлиб ўтган сайловларга ҳам тўхталиб, раисларни сайлангани билан табриклади.

– Элга бош бўлиш бу – катта масъулият. Маҳалла раислари мамлакатимиздаги ислоҳотларни ҳар бир хонадонга етказишда, одамларнинг талабини ҳокимлар олдига қўйиб, халқимизни рози қилишда етакчи бўлиши зарур. Бугун хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича қўйилган аниқ масалалар ҳам энг аввало маҳалладан бошланиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва ҳоким ёрдамчилари сўзга чиқиб, режа ва таклифларини баён этди.