Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни ва ушбу мамлакат делегацияси аъзоларини меҳмондўст Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Тожикистон бизнинг асрлар синовидан ўтган яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз ва ишончли стратегик шеригимиз эканини яна бир бор таъкидлади.

– Ўзбекистон халқи биродар тожик халқи билан тарих, маданий-маънавий мерос ва аждодларимизнинг эзгу анъаналари муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қадрлайди. Ёруғ кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам биз доимо елкама-елка турганмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан икки томонлама муносабатларда ҳақиқатдан катта марраларга эришишга, уларни жуда юқори даражага кўтаришга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

– Айнан шу туфайли бугун чинакам тарихий аҳамиятга эга қарор қабул қилинди. Биз Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзоладик, – деди Шавкат Мирзиёев.

– Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини Тожикистонда жуда қадрлашади. Жорий йил октябрь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини нишонлайдилар. Аҳамиятлиси, биз учун муҳим бўлган айнан шу йилда муносабатларимизни иттифоқчилик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдик, – деди Эмомали Раҳмон.

Кейинги йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 баробарга, жорий йил бошидан эса 35 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди.

Ташриф арафасида Душанбе шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Тошкент шаҳрида эса бизнес форум ўтказилиб, уларнинг якунида қиймати 1 миллиард доллардан зиёд салмоқли ҳужжат ва шартномалар имзоланди, саноат кооперацияси бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Шу йил 20 июнь кунидан бошлаб Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поездининг қатнови йўлга қўйилади.

Томонлар янги транзит йўлакларини шакллантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, ҳаво, темир йўл транспорти ва автобуслар қатновини кўпайтириш, биргаликда агрокластерлар ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқишга келишиб олдилар.

Энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш борасида самарали ҳамкорлик учун ноёб имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Тожикистон Президентининг Музликларни асраш халқаро фондини ташкил этиш ва 2025 йилни Музликларни ҳимоя қилиш халқаро йили деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Музокараларда парламентлараро мулоқот ва халқ дипломатиясини янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

– Биродар халқларимизни ўзаро бойитиш ва яқинлаштиришга, мамлакатларимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган миллиатларимизнинг кўп сонли вакиллари бизни бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Биз миллий маданий марказларнинг муваффақиятли фаолияти учун бундан буён ҳам зарур шароитлар яратишга тайёр эканимизни тасдиқладик, – деди Ўзбекистон Президенти.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳар йили Тожикистон фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтирмоқчи.

Мамлакатларимизда кино, маданият кунлари ва турли фестивалларни мунтазам ўтказиб бориш давом эттирилади.

Маълумки, жорий йилда буюк шоирларимиз Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг яқин дўстлигига бағишланган қўшма фильмни суратга олиш бошланади.

– Ўйлайманки, фильм намойиши давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида узоқ кутилган воқеа бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг алоҳида аҳамиятини, халқаро ташкилот ва тузилмалар доирасида конструктив мулоқот ва ўзаро кўмакни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг тарихий ташрифи натижалари, ҳеч шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ўзаро англашув ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.