Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 2 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида уни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Етакчилар ўртасида қисқа суҳбат бўлиб ўтди.

Сўнг Тожикистон Президенти “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Меҳмонга мажмуанинг мазмун-моҳияти ва меъморий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга келган олий даражадаги меҳмонлар томонидан ушбу монументга гул қўйиш маросими анъанага айланди.