Жорий йил 28 май куни Тошкент шаҳрида Сенатнинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб сенаторлар “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича сезиларли чоралар кўрилмоқда.

Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида мазкур Қонун ишлаб чиқилган бўлиб, у давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.

Шунингдек, ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонлар, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилашда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи қонун ҳисобланади.

Муҳокама қилинган Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, яъни, давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Шу билан бирга, Қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ҳам янада оширишга хизмат қилади.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

Шундан сўнг сенаторлар “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни муҳокама қилди.

“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ялпи мажлис муҳокамасига қадар дастлаб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар билан амалиётда вужудга келиши мумкин бўлган муаммолар инобатга олинган ҳолда бир неча бор муҳокамадан ўтказилди.

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланади.

Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилмоқда.

Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида компенсация комиссиялари тузилиши белгиланмоқда.

Мазкур комиссиялар компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди. Компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаган ҳолатлар аниқланганда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига ахборот киритилиши ҳам Қонунда белгиланган.

Қонунда жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари ҳам аниқ кўрсатилмоқда. Хусусан, бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат.

Мазкур Қонунни ишлаб чиқишда миллий анъана ва қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, яъни битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши белгиланмоқда.

Ялпи мажлисда ушбу Қонуннинг мантиқий давоми бўлган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қонун билан Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик ва Бюджет кодексларига ҳамда “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Юқоридаги қонунларга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солиниши, низоли вазиятларнинг олди олиниши, мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши инобатга олиниб, ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Маълумки, ерлар электрон онлайн-аукцион орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Эндиликда, мазкур Қонун билан Ер кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди.

Шунингдек, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланганларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чора кўриш масъулияти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига юклатилмоқда.

Ўз навбатида, ушбу ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Хусусан, Ер кодексига киритилаётган қўшимча нормага асосан Кадастр агентлиги органлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган тақдирда, ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритади.

Бундан ташқари, Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим аҳоли қатламлари учун бир қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оиласи электрон онлайн-аукционлардан ер участкаларини сотиб олиши билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Мазкур Қонун билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Амалиётда учраётган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш ва жамият ҳаётида қонунга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Сенат Мамаризо Нурмуратовни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўнгра “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун хусусий саноат корхоналарининг таклифлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг моҳияти асосий ишлаб чиқаришида ёндош маҳсулот сифатида прекурсор ҳосил бўлаётган хусусий корхоналарга муомалада бўлиши чекланган прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш фаолиятини лицензияга асосан амалга ошириш учун шароит яратишдан иборат.

Прекурсорлар давлат томонидан назоратга олинган, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар ҳисобланади. Шунинг учун ушбу моддаларнинг муомаласини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга.

Ялпи мажлисда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтилди. Корхонада калий сульфатни “мангейм” усулида ишлаб чиқариш жараёнида ёндош маҳсулот сифатида йилига 24 минг тонна хлорид кислотаси ҳосил бўлмоқда.

Ушбу хлорид кислотасининг 20-30 фоизи ички бозорда реализация қилинади, афсуски қолган қисми омборхонада чиқиндига айланмоқда. Ўз ўрнида хлорид кислотаси хавфли суюқликлар турига киритилганлиги учун уни қисқа муддатларда реализация қилиш талаб этилади. Амалдаги тартиб эса тадбиркорларни бундай имкониятдан чекламоқда.

Таҳлилларга кўра мавжуд қувватларда хлорид кислотасининг 70 фоизи экспортга йўналтирилса, бир йилда ўртача 2,7 миллион доллар миқдорида қўшимча маблағ олишга эришилади.

Шунингдек, ушбу йўналишда хорижий сармоядорлар иштирокида истиқболли лойиҳалар ишга тушиши билан 266 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, уни кейинчалик қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга 40 минг тонна текстиль саноати учун бўёқ – антрахинон, 21 минг тонна тоғ-кон саноати учун синиль кислотаси, 51 минг тонна ацетилен ишлаб чиқарилишига эришилади.

Қонунга киритилаётган янгиликлар орқали прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш бўйича лицензияга эга бўлган юридик шахсларни (давлат ва хусусий корхоналар), шунингдек прекурсорларни сақлаш, ташиш, сотиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишга бўлган талабларни белгиланган тартибда тегишли давлат органлари томонидан тизимли назоратга олиш имкони яратилади.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз кимё саноатининг тадбиркорлар ва сармоядорлар учун жалб этувчанлиги ортишига, соҳада тизимли назорат механизмлари жорий этилишига, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди.

Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш борасида ҳукумат томонидан бир қатор устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021 йилда Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиб, эксплуатацияга топширилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида қуввати 100 МВт бўлган, йилига 360 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаришга ҳамда 110 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган лойиҳа бошланган.

Лойиҳанинг ишга туширилиши йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалади. Натижада 35 минг хонадон йил давомида газ билан таъминланади, шунингдек, атмосферага 160 минг тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинади.

Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида саноат, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар жойларида 100 дан ортиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари ўрнатилган. Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Хўжайли туманидаги “Кун нури”, Қўнғирот туманидаги Қанли ва Амударё туманидаги Гулзор каби маҳаллаларда кўп хонадонли уйлар қуёш панеллари билан жиҳозланган.

2021 йилда ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш эвазига 9,5 минг кВт соат электр энергияси тежалган.

Амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, парламент сўровига берилган жавоб таҳлили кўтарилган айрим масалалар бўйича соҳада камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, сенаторлар томонидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида, айниқса, марказлашган энергия таъминоти тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудларда қуёш ва шамол энергияси имкониятларидан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисобини юритиш тўлалигича йўлга қўйилмаганига алоҳида урғу берилди.

Сенаторлар ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлардан фойдаланишни тизимли ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ илмий-тадқиқот ва амалий ишларни молиялаштириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида кичик қувватли қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияларини ташкил этиш юзасидан манзилли дастур ишлаб чиқиш, соҳага маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб этиш масалалари бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда Интернет орқали ёшларнинг ҳаётига хавф солаётган, маънавий онгига салбий таъсир қилувчи ахборот хуружларининг олдини олишга қаратилган ижобий ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг “UZ” доменида фойдали таълимий-маърифий ва мавзули веб-ресурсларни яратиш мақсадида жами 113 та стартап лойиҳалари IT-паркнинг инкубация ва акселерация дастурларига киритилган.

Шунингдек, фойдали веб-ресурслар, интернет лойиҳалар, мобиль илова ва дастурларни яратувчи муаллифлар ва дастурчилар сонини янада ошириш, ёшларнинг дастурлаш тилларига қизиқишини кучайтириш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бугунги кунда барча туман ва шаҳарларда замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 205 та рақамли технологиялар ўқув маркази (IТ-марказ) ташкил қилинган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан парламент сўровидаги айрим масалалар тизимли равишда амалга оширилмаганлиги таъкидланди.

Хусусан, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, ахборот-коммуникация дастурларини яратиш борасида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уларнинг ижобий жиҳатларини миллий амалиётга жорий этиш ишлари ташкил этилмаган.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ёшлар ва вояга етмаганлар учун қизиқ бўлган матнли, фото, видео ва аудиовизуал материалларга бой бўлган контентлар мавжудлиги, уларда баён этилаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келиши мониторинг ва таҳлил қилинмаган.

Ахборот маконида Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва санъатини ҳамда илм-фанни тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларига кундалик ҳаётида кўп фойдаланиладиган телефон, компьютер ва шу каби бошқа қурилмаларнинг фойдали ҳамда зарарли томонларини тушунтириш ишларига етарлича эътибор қаратилмаган.

Сенаторлар муҳокама жараёнида ҳукуматга парламент сўровидаги муаммоларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

Парламент сўровида қайд этилган масалалар доимий назоратда бўлишини назарда тутувчи Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Сенат Турғунали Мирзаев ва Нурали Раҳмоновни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига ўн йиллик муддатга сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисобот даврида Қўмита томонидан ўтказилган 47 та мажлисда 140 дан зиёд муҳим масала кўриб чиқилган. Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қабул қилинган 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14 та қарори ва 1 та Фармони ижроси ўрганилиб, маълумотлар тайёрланган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид 6 та қонун ва қонуности ҳужжатларининг ўзаро мувофиқлиги таҳлил қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 26 та тадбир ўтказилиб, 5 та қонуннинг ижроси ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Шунингдек, вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 5 та ҳисоботи ва 16 та ахбороти эшитилган.

Қўмита аъзолари томонидан тегишли давлат ҳокимияти, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга 105 та сенатор сўрови киритилган ва уларнинг 87 таси ижобий ҳал этилган.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда чиқишларга алоҳида эътибор қаратилган. Қўмита фаолиятига оид қатор видеороликлар телеканаллар орқали эфирга узатилган, хорижий ОАВда 16 та мақола чоп этилган.

Кенг жамоатчилик иштирокида “Оролга мадад” акцияси ўтказилиб, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўрмончилар штабига 5 тоннага яқин саксовул уруғи ва кўчатлар етказиб берилган.

Қўмита томонидан 3 та методик қўлланма ишлаб чиқилган. “Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик ва очиқ сув ҳавзаларига ифлослантирувчи оқоваларни оқизганлик учун келтирилган моддий зарарни аниқлаш” методик қўлланмаси ҳукуматга киритилган.

Бундан ташқари, Қўмита томонидан 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари (ПҚ–4889-сонли қарор) ижроси устидан парламент назорати ўрнатилган. Президент қарорига мувофиқ бугунги кунда 9,1 триллион сўмлик 1 139 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 9 152 та янги иш ўрни ташкил этилган.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари (ПҚ–5202-сонли қарор) ҳамда Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирларнинг (ПФ–25-сонли Фармон) жойларда ижро этилиши устидан парламент назорати ўрнатилган.

Ялпи мажлисда Қўмита томонидан келгусида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари ҳамда Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар ижроси, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори институтини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширилиши устидан қатъий парламент назоратини олиб бориш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг тегишли мақсадларида белгиланган топшириқларни амалга оширишда ташаббускор бўлиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлис доирасида сенаторлар Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан 11 та масала, шу жумладан, 5 та қонун муҳокама этилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати.

ЎзА