Оролбўйидаги барча умумтаълим муассасалари сингари Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам “Менинг мактабим – менинг уйим” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, катта ҳаётга қадам қўяётган битирувчи ёшларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини самимий муборакбод этди ва давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Г.Цецура, мактаб директори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими М.Дўсназаров, АҚШда таҳсил олиб келган мактаб битирувчиси К.Жамалов ва бошқалар сўзга чиқиб, таълим соҳасига алоҳида эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини 192 нафар ўқувчи 11-синфни битирмоқда. Улар орасида 38 нафари мактабни олтин медаль билан битирди. Шунингдек, 34 нафар ўқувчи инглиз тили бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди. Аксарият битирувчилар муддатидан олдин АҚШ, Россия Федерацияси каби давлатларнинг олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлди.

Тадбирда сўнгги қўнғироқ чалинди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА