Президент раислигида ўтказилган йиғилишда умумреспублика спорт мусобақалари “туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилиши белгиланди. Бундан буён:

– бирламчи саралаш босқичидан ўтмаган спортчилар вилоят ва республика босқичида иштирок этмайди;

– миллий терма жамоаларга барча босқич мусобақаларида иштирок этиб ғолиб ёки совриндор бўлган ёшлар саралаб олинади;

– ҳар йили маҳалла ва муассасалар жамоалари иштирокида кўп босқичли Ҳоким кубоги ташкил қилинади.

Халқаро тажриба ва стандартлар асосида спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.

Президент спорт соҳасидаги илмий салоҳиятнинг амалдаги ҳолати ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

–Бирорта спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардиомашғулотлар бўйича бизда умуман мутахассислар тайёрланмайди. Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда,– деди Президент.

Жисмоний тарбия ва спорт университети, республика малака ошириш ҳамда спорт илмий-тадқиқот институтларининг роли умуман сезилмаётгани қайд этилди.

Шу боис мутасаддиларга:

– олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, уларни соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;

–келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардиомашғулотлар, Тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармакологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;

– йилига камида 20 нафар маҳаллий тренер, спорт шифокори ва бошқа мутахассисларни хорижда малака ошириш тизимини жорий этиш;

–Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.

ЎзА