Президент раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича йиғилиш давом этмоқда.

Президент ёшларнинг спорт мактаблари билан қамровини 1,3 бараварга ошириб, 520 минг нафарга етказиш вазифасини қўйди.

Бундан ташқари, 69 та тумандаги спорт мактабларида камида 20 та, 47 тасида 15 та, қолган 91 тасида 10 та олимпия спорт турларига тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.

Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончаларини қуришга кўрсатма берилди.

–Яна бир бор таъкидлайман, йил якунига қадар 6 миллион нафар ёшларни оммавий спорт билан қамраб олиш – бу сиёсат. Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ишларни яхши бошлади.

Бугунги селектордан айниқса туман-шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари хулоса қилиб, оммавий спортни ривожлантириш бўйича ишларни жадаллаштириши керак. Бу борада сўров доимий ва қаттиқ бўлади, – деди Президент.

Йиғилишда спортчиларни профессионал тайёрлаш тизими ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

–Республика ва Чирчиқ шаҳар олимпия захиралари коллежларидан бошқа бирорта спорт коллежи ўз натижаси билан мақтана олмайди. Сабаби, ёшлар терма жамоаларининг бош тренерлари айнан шу 2 та коллежда фаолият юритади ва спорт федерациялари ҳам фақат улар билан ишлашга ўрганган, – деди давлат раҳбари.

Мисол учун, Самарқанд олимпия коллежи спорт гимнастикаси, таэквондо ва стол тенниси бўйича сўнгги 3 йилда мусобақаларда совринли натижа кўрсатмаган. Ваҳоланки, коллежда ушбу спорт турлари бўйича 23 нафар спортчи, 3 нафар тренер мавжуд.

Шунингдек, ҳозирда олимпия захиралари коллежларига 14 ёшдан юқори ўсмирлар қабул қилинаётгани, оқибатда ёшларни Олимпиада ўйинларига тайёрлаш 7-8 йил кеч бошланаётгани қайд этилди.

 

ЎзА