Президент раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича йиғилиш бошланди.

Сўнгги беш йилда спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та янги йирик спорт объекти фойдаланишга топширилгани ва 110 та объект реконструкция қилингани таъкидланди.

Жорий йилда спорт соҳасига 2 триллион 300 миллиард сўм (2017 йилдан 5 бараварга кўп), шундан спорт таълим муассасалари учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди.

Илк бор барча маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мактаблари тренерлари иштирокида ёшларни спортга жалб этиш бўйича янги беш босқичли мусобақаларга старт берилди.

Апрель-май ойларида мусобақалар билан 3 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди.

– Лекин спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмас, – деди давлат раҳбари.

ЎзА