Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ҳар бир миллат либоси гўзаллик тимсоли” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди.

2-босқич талаба-қизлари орасида ташкил этилган ушбу кўрик-танлов 2 шарт бўйича ўтказилди. Иштирокчилар қорақалпоқ, ўзбек, турк, рус, украин, ҳинд, корейс сингари турли миллат вакилларининг образларини саҳнага олиб чиқди.

Жумладан, 1-шартда миллий либослар кўргазмаси доирасида подиум ташкил этилди, ҳар бир иштирокчи ўзининг образи бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоларига қизиқарли маълумотларни тақдим этди. 2-шарт давомида иштирокчилар ўзлари танлаган миллат вакили сифатида ўша миллатга хос бўлган урф-одат ва анъаналарни ўзида намоён этган миллий чиқишлар, шўх рақслар, куй-кўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, улар томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш этилди.

Кўрик-танловнинг якуний натижасига кўра, ветеринария медицинаси йўналиши 2-босқич талабаси Шахида Қарлибаева биринчи ўринни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритди. Ветеринария диагностикаси ва лаборатория иши йўналиши 2-босқич талабаси Венера Жолдасбаева иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, зооинженерия (балиқчилиқ) йўналиши 2-босқич талабаси Бибизада Алламуратова учинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.

Ғолибларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА