Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали ўқувчи ёшларнинг билимларни чуқур ўзлаштириши, мактабларда таълим сифатини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнларини яхшилаш мақсадида ОТМга бириктирилган мактаблар бўйича тасдиқланган жадвал асосида филиалга бириктирилган Бўзатов туманидаги умумтаълим мактаблари билан самарали ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда.

Филиал раҳбарияти, декан, кафедра мудирлари Бўзатов туманига ташриф буюрди. Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад тумандаги умумтаълим мактаблари ўқув жараёнлари билан яқиндан танишиш, ўқувчи-ёшлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, таълим сифати, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Ташриф аввалида филиал жамоаси тумандаги тегишли мутассаддилар ва 1-сон умумтаълим мактаби раҳбарияти билан ўзаро суҳбатлашди. Сўнг битирувчи синф ўқувчи-ёшлари билан учрашув ўтказилди. Унда тумандаги мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Мулоқот давомида филиал директори А.Есимбетов давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига қаратилаётган катта эътибор, тизимни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ва имтиёзлар бўйича гапириб берди. Шунингдек, филиал фаолияти ва бўлажак мутахассисларга билим бериш мақсадида яратилган шарт-шароитлар, сўнгги йилларда мамлакатимиз томонидан ветеринария ва чорвачилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги борасида батафсил маълумот бериб ўтди.

Ташрифнинг расмий қисми якунлангандан сўнг 3-сон умумтаълим мактабида ўқувчи қизлар орасида спортнинг баскетбол туридан филиал биринчилиги ўтказилди. Унда тумандаги мактабларнинг 9-11 синф ўқувчи қизларидан ташкил топган жами 10 та жамоа иштирок этди. Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни 3-сон умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритган бўлса, 4-сон умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи ўринни, 1-сон умумтаълим мактаби жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва билимларини синовдан ўтказиш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Жами 9 та жамоа иштирок этган ўйин якунида 6-сон умумтаълим мактаби ўқувчиларининг “Аргумент” жамоаси биринчи, 11-сон умумтаълим мактаби ўқувчиларидан таркиб топган “Аспантай” жамоаси иккинчи, 3-сон умумтаълим мактаби ўқувчиларининг “Олигарх” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, 
ЎзА мухбири