Давлатимиз раҳбари томонидан ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди ва “Ўзагроинспекция” га 2022 йил ҳосили учун экилган уруғлик ғалла майдонларини нес-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиштириб олишни назорат қилиш белгиланган эди.

–Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан уруғчилик субъектларининг уруғлик ғалла майдонларида ва “Тахиаташ дон” акциядорлик жамиятига қарашли “Қарабайли гуруч” филиалида мониторинг ўтказилди, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг Шуманай тумани бўлими катта инспектори Азимжон Қурбонбоев. – Туманда 2022 йил ҳосили учун 2 та ғаллачилик кластери ва 5 та фермер хўжалигининг жами 300 гектар майдонига “Антонина”, “Алексеевич” ва “Аср” навлари экилиб, 900 тонна уруғлик дон топшириш режа қилинган бўлиб, бугунги кунда парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, экилган ғалла майдонлари тўлиқ бошоқлаш фазасида бўлиб, ушбу майдонларда тўлиғи билан икки маротаба озиқлантириш, бир маротаба суғориш, уч маротаба суспензия сепиш ва бегона ўтларга қарши бир маротаба гербицидлар билан ишлов бериш ишлари якунланди ва апробация ўтказишга тайёрланмоқда. Мониторинг давомида барча уруғлик ғалла майдонларида уруғлик майдонини акс эттирувчи паннолар ўрнатиш, бегона навлар ва ўтлардан тозалаш мақсадида қўлда навдорлик ўтоғини ўтказиш ишлари белгиланган талабларга жавоб бермайдиган қилиб, сифатсиз ташкил этилаётганлиги ҳолатлари бўйича апробация кўригига тайёрлаш ҳақида уруғчилик субъектлари раҳбарларига, ушбу тадбирларини сифатли ўтказишни таъминлаш тўғрисида туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғига ёзма кўрсатмалар берилди.

Туманда 2022 йил ҳосили учун экилган уруғлик ғаллани нес-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиштириб олиш мақсадида 1 та ўрим-йиғим отряди, 2 та дон ўриш комбайни, 4 та дон ташиш машинаси ва 1 та дон қабул қилиш шахобчасига бириктирилган. Шу тариқа сифатли уруғлик дон етиштириш назоратга олинди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири