Юридик клиника

Маълумки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари келтирилган бўлиб, унга кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Кўриб чиқиш муддати белгиланган вақтдан ҳам чўзилиб кетсачи? Шундай вазиятда мансабдорга қандай чора кўрилади? Қуйидаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддиновдан жавоб олдик.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларни ҳал этиш соҳасида янги давр бошланди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам қисқа фурсат ичида ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.

Фуқаро мурожаатини кўриб чиқишнинг ўз тартиб-тамойили бор. Жумладан, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаган мансабдор шахсга тегишли чоралар кўрилади.

Хусусан, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

– Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни рад этган шахс жавобгарликка тортиладими?

Ҳа, бунинг учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, мурожаатларни ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликка зид қарор қабул қилиш каби ҳолатлар қонунбузарликка киради.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ҳам мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Гулноза Бобоева,ЎзА