Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг бошчилигидаги делегация аъзолари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида “Тахиатош иссиқлик электр станцияси” АЖда ҳам меҳмонда бўлди.

“Тахиатош ИЭС” АЖ бош директори Фахриддин Халилаев юксак мартабали меҳмонларни станциянинг ишлаб чиқариш қувватлари билан таништирди.

Тахиатош иссиқлик электр станциясида хар бирининг қуввати 280 МВт бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси тўлиқ қувватларда ишламоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти истеъмолчиларини узлуксиз ва сифатли электр энергия  билан  таъминлаш, электр ва иссиқлик энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш,ёқилғи ресурсларини тежаш ҳамда улардан самарали фойдаланишдан иборат.

Бугунги кунда бош пудратчи томонидан қурилиш-монтаж ишлари 100 фоизга бажарилган. Ўрнатилган газ турбинаси ва буғ турбинаси  асосий ускуналари  Американинг GE компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Иссиқлик электр станциясида қурилиш ишлари замонавий илғор технологиялар асосида Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 300 миллион АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг инвестиция маблағлари, 230,7 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари, 27,3 миллион АҚШ доллар “Ўзбекэнерго” маблағлари ва 120,2 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани қўллаб-қувватлашдаги улуши ҳисобланади.

Янги жорий этилган иккита буғ-газ қурилмасининг ишга тушиши билан станциянинг техник-иқтисодий кўрсатгичлари ошди, жумладан, станциянинг ўрнатилган қуввати 630 МВт дан 980 МВт гача, йиллик ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдори 3 млрд. кВт соатдан 4,6 млрд кВт соатгача ўсди. Шунингдек, 1 кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 430 гр/кВт соатдан 258 гр/кВт. соатга камайди, бу билан бир йилда 488,6 млн. м3 табиий газ тежалишига эришилди, яъни бу ҳар йилда 322,5 млрд сўм тежалади дегани.

Янги лойиҳа ишга тушиши билан йиллик сув сарфи деярли уч баробарга камайди, аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, таъмирдан олдин йилига 452 млн м3  сув  сарф қилинарди, ҳозир эса бу 293 млн м3 га камайди ва йилига 159 млн. м3 ни ташкил қилмоқда.

Замонавий станция экологик нуқтаи назардан ҳам ижобий кўрсаткичларга эришди: азот оксиди чиқиндиси 3,5 баробар камайди, атмосферага чиқадиган ялпи чиқиндилар 5,1 баробар, йилига 3056,674 тоннага камайди, ИЭС чиқиндилари билан атмосферани ифлослантириш даражаси 3,2 баробар камайди, асосий парник гази – СО2 чиқиндилари йилига 972216,22 тоннага қисқарди.

Ускуналар хорижий юқори ривожланган, жаҳонга машҳур General Electric , Hyundai каби компаниялар томонидан етказиб берилди.

Ускуналарни сифатли юритиш ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида ёш мутахасис ходимлар  янги буғ-газ қурилмаларини эксплуатация қилиш бўйича малакали ўқув марказларида таълим олиб, сертификатга эга бўлишди.

Шунингдек, Hyundai Engineering мутахассислари ва ускуналарни ишлаб чиқарувчи заводлардан санаб ўтсак Швецария, Германия, Англия, Хитойдан мутахассислар келиб Тахиатош ИЭСнинг янги энергоблокларини эксплуатация қилиш бўйича маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш борасида назарий ва амалий машғулотлар ўтказишди.

Меҳмонлар ташриф чоғида корхонанинг тарихи билан яқиндан танишиш мақсадида “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятида ташкил қилинган музейда ҳам бўлишди.

Ташриф якунида  Жанубий Корея элчиси жаноб Ким Хи Санг Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

“Тахиатош ИЭС” АЖ матбуот котиби

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги