Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги амфитеатрда “Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида ўтказилган “Ёшлар овози” танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ва якуний гала концерти бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари тумандаги Бердақ номидаги Ёшлар боғида буюк қорақалпоқ шоири ҳайкали пойига гул қўйди. Шу куни маҳалла ёшлари ўртасида волейбол бўйича туман ҳокимининг кубоги, миллий кураш бўйича туман прокурори кубоги, баскетбол бўйича туман ички ишлар бўлими бошлиғи кубоги мусобақалари, туман солиқ инспекцияси бошлиғи кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйини, қорақалпоқ миллий таомлари фестивали, ҳунармандлар кўргазмаси ўтказилди.

Миллий таомлар фестивали доирасида ўтказилган ошпазлар танловида Қорақалпоқ умумий овқатланиш корхоналари уюшмасига қарашли Тўрткўл тумани пазандачилик санъати уюшмаси раҳбари Дилобар Ҳабибуллаева фахрли биринчи ўринни эгаллади ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган танловнинг республика босқичида ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 152 нафар иштирокчи қатнашди.

11 май куни бошланган танловда 10-15, 16-22, 23-30 ёш тоифасидаги ёшлар бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этди. Бахшичилик йўналиши бўйича биринчи ўринни 10-15 ёш тоифасида Қорақалпоғистон Республикасидан Аширбек Қўзибоев, 16-22 ёш тоифасида Қорақалпоғистон Республикасидан Гулойим Ўтешова, 23-30 ёш тоифасида Тошкент вилоятидан Муроджон Алиев, опера йўналиши бўйича биринчи ўринни 10-15 ёш тоифасида Тошкент шаҳридан Лазизбек Шоназаров, 16-22 ёш тоифасида Тошкент вилоятидан ЗуҳраТурсунбоева, 23-30 ёш тоифасида Сурхондарё вилоятидан Камол Муҳаммадиев, эстрада йўналиши бўйича биринчи ўринни 10-15 ёш тоифасида Қорақалпоғистон Республикасидан Зарима Мақсудова, 16-22 ёш тоифасида Жиззах вилоятидан Ҳожиакбар Тожибоев, 23-30 ёш тоифасида Қорақалпоғистон Республикасидан Алимбой Каримбоев, анъанавий ижро йўналиши бўйича биринчи ўринни 10-15 ёш тоифасида Тошкент шаҳридан Шербек Шавкатов, 16-22 ёш тоифасида Тошкент шаҳридан Севинч Жовлиева, 23-30 ёш тоифасида Тошкент шаҳридан Хушнуджон Солижонов қўлга киритди.

Ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўрин соҳибларига 50 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаларига 30 миллион сўм, учинчи ўринни эгаллаган иқтидор эгаларига 20 миллион сўм пул мукофоти сертификати топширилди. Бундан ташқари, қолган барча иштирокчилар – 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. “Ёшлар овози” танлови республика босқичининг ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари, эстрада хонандалари ва ёш истеъдод эгалари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камолов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, 
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА