Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, сектор, тегишли соҳалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Романов  маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 34 та моддадан иборат. Яъни амалдаги Қонунга нисбатан 18 та модда билан бойитилмоқда.

Сессияда шаҳар ва туманларда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларининг ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳисоботи муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Е.Аташовнинг маърузаси тингланди.

Қайд этилганидек, 2021 йилда ҳар бир шаҳар ва тумандан 34 та овул ва маҳалладаги 775 та объектда 245,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жорий йилда эса,  дастурлар доирасида 9 та мактабгача таълим ташкилотида, 8 та умумтаълим мактабида, 4 та соғлиқни сақлаш объектида, 14 та маҳалла биносида қурилиш ишларини олиб бориш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш мақсадида 197 километр янги тармоқ қуриш, 41 километр тармоқни реконструкциялаш, 18 та сув иншоотини қуриш ва реконструкциялаш, 278,3 километр ички йўлларини таъмирлаш, 159,5 километр электр тармоғини тортиш ва 51 та трансформатор ўрнатиш, 9,4 километр ирригация ва мелиорация тармоғини таъмирлаш,  40,9 километр газ тармоғини яхшилаш, 83 дона газ тақсимлаш пунктини алмаштириш, 47,3 километр пиёдалар йўлакчасини қуриш режалаштирилган.

Сессия кун тартибида шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг 2021-2022 йиллардаги ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ахбороти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг ҳисоботи, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида  белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтган 2021 йилда амалга оширилган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ахбороти тингланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА