Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси М.Қайпанов, филиал директори А.Есимбетов ва бошқалар талабалар таҳсил олишида филиал раҳбарияти ҳамда ота-оналар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши, ўзаро фикр алмашиш ва таклифларни ўрганиб бориш самарали натижалар беришини қайд этди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини катта умидлар билан олий таълим муассасаларида ўқитади. Мана шундай масъулият юкини теран ҳис этган филиал профессор-ўқитувчилари талаба-ёшларни ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган, етук мутахассислар қилиб тарбиялаш учун бор куч-ғайратини сафарбар этмоқда.

Йиғилишда талаба-ёшларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси, ўқув жараёнларига бўлган муносабати, талабалар давомати, филиалнинг ички тартиб-интизомларига риоя қилиши, жамоат ишларида фаол иштироки бўйича ота-оналарга маълумот берилди. Шунингдек, ташриф буюрган ота-оналарнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклифлари ўрганилди. Дарсларни яхши ўзлаштириб, аъло баҳоларга ўқиётган, яхши хулқи билан ўз тенгдошларига намуна бўлиб, маънавий-маърифий тадбир ҳамда танловларда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ талабаларнинг ота-онасига ташаккурнома топширилди.

Тадбир якунида йиғилиш иштирокчиларига филиал фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА