Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси 13 май куни Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси раислигида ўтказилган тадбирда Арманистон, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси делегациялари иштирок этди.

https://cdn3.mfa.uz/2022/05/13/09/31/6_uitAyHytph_low.jpg

Йиғилиш иштирокчилари халқаро кун тартиби ва Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, МДҲ давлат ва ҳукумат раҳбарлари Кенгашларига киритиладиган кўп томонлама ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги шерикликни фаоллаштириш бўйича Ҳаракатлар дастури ва ташқи ишлар вазирликлари ўзаро маслаҳатлашув режасининг 2021 йилдаги ижроси натижалари тасдиқланди.

Беларус нотариал палатасига – нотариал фаолият соҳасида, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университетига – туризм соҳасида МДҲнинг таянч ташкилотлари мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон делегацияси жаҳонда рўй бераётган воқеалар ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар жадаллашиши Ҳамдўстликни замонавий воқеликка доимий равишда мослаштириш заруратини тақозо этишини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг 2020 йил тузилмага раислиги даврида қабул қилинган Ҳамдўстликни янада ривожлантириш Концепцияси ва МДҲ иқтисодий тараққиёти Стратегиясини амалда бажариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатни давом эттириш таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик саммитларида илгари сурилган МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий жараённи либераллаштириш, таълим, фан, техника, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларидаги алоқани кенгайтириш, фуқаролар фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, анъанавий ва янги чақириқ, таҳдидларга қарши туришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

https://cdn3.mfa.uz/2022/05/13/09/32/5_xDCMTDCM8E_low.jpg

Ҳамкорлар МДҲ фаолияти доирасидаги аниқ қадамларни кенг муҳокама қилиш мақсадида жорий йил Ўзбекистонда ўтказиладиган саноат кооперацияси ва минтақалараро ҳамкорлик, ижодий ва илмий зиёлилар форумлари ҳамда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияга таклиф этилди.

Йиғилиш якунида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2022 йил 13 октябрда Нур-Султон шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ғ.ХОННАЗАРОВ,

ЎзА