Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нукус шаҳридаги “Истиқлол” болалар дам олиш марказида “Инсон қадри учун” шиори остида адлия сайли бўлиб ўтди.

Мақсад, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат органларининг асосий вазифаларидан халқимизни воқиф етиш, келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқароларга ҳуқуқий, тиббий, психологик маслаҳатлар беришдан иборат.

Бу йилги адлия сайили “Саломатлик учун беш минг қадам” марафони билан бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари ходимлари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Сайил иштирокчиларига кўтаринки кайфият тақдим етиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда викториналар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, кўргазмалар, ярмаркалар, тиббий кўрик ташкиллаштирилди.

Давлат, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, банк соҳаси ходимлари, адвокатлар, нотариуслар томонидан аҳолининг мурожаати тингланиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Жорий йил март ойида “Адлия вазирлиги ишбилармон ва тадбиркорларга дўст” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов билан учрашувда Нукус шаҳридаги ҳоким ёрдамчилари ҳудудлардаги маҳаллий ўзини-ўзи банд этиш мақсадидаги фуқароларни газ ҳисоблагичлар билан таъминлашда амалий ёрдам сўраган эди. Тадбирда тадбиркорлик билан шуғулланиш истгидаги 20 нафар фуқарога вазирлик томонидан газ ҳисоблагичлар топширилди.

Сайил давомида вазирликнинг телеграм каналида жорий йилнинг 18-апрель куни “Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқларини қўриқлаш” ҳуқуқий акцияси доирасида халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўртасида ўтказилган “Ҳуқуқингизни биласизми?” совринли викторинаси ғолиблари муносиб тақдирланди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшларидан иборат “Street law” гуруҳи аъзолари томонидан ташкил этилган ҳуқуқий викторинага 400 нафарга яқин фуқаро қамраб олинди. Ғолибларга вазирликнинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирга ташриф буюрган фуқаролар орасида “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз. Сиз ҳам бизга қўшилинг” шиори остида спортнинг кураш, камондан ўқ отиш, шашка, шахмат турлари бўйича мусобақа ўтказилди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА