Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ташаббуси билан “Ёшлар овози” танлови доирасида ижодий сафар билан Оролбўйида бўлиб турган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қорақалпоқ халқининг бой маданияти ва узоқ тарихи билан яқиндан таништириш мақсадида Қорақалпоғистон маданияти ва тарихи давлат музейига пресс-тур ташкил этилди.

1929 йилда ташкил этилган ушбу музейнинг этнография, табиат, археология, ҳунармандчилик, янги тарих ва фотография каби фондларида жами 90 мингга яқин экспонат мавжуд, улар Қорақалпоғистон Республикасининг тарихи, маданияти, анъанаси ва ҳудуднинг флора ҳамда фаунасини ўзида акс эттиради.

Ёшлар ишлар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган ташриф давомида божхона органлари томонидан маданий меросимизни ҳимоя қилиш ва уларнинг ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлари натижасида юртимизда сақланиб қолган маданий мерос объектларидан ташкил топган “божхона бурчаги” ҳам намойиш этилди.

Йўқолиб кетиш арафасида бўлган ва шохи тиббиётда ноёб саналувчи сайғоқ ва жайрон ҳайвонлари шохларининг “Даут-ота” чегара божхона пости орқали ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилишининг олди олиниб, ушбу маданий мерос объектлари мазкур музейга топширилган. Эътиборлиси, сайғоқ ва жайрон Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган бўлиб, уларни овлаш ва республика ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Шунингдек, гулли ўймакор нақшли қўл санъати маҳсули ҳисобланган эшиклар Бухоро ва хоразмлик усталар томонидан “убайдий” услубида XIX асрда яратилган бўлиб, уларни республикамиз ҳудудидан олиб кетиш ман этилади. Ушбу муваффаққиятсиз уринишга ҳам божхоначилар ўз вақтида чек қўйган.

Пресс-тур давомида намойиш этилган қорақалпоқ халқининг бой маданий мероси, рассомчилик, заргарлик ва ҳунармандчилик санъат асарлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА