Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 12 май куни Фарғона вилоятига келди.

“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил бугун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ўз тасдиғини топмоқда. Асосийси кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Буни Фарғона вилоятидаги янгиланишлардан, бунёдкорлик ишларидан ҳам билиш мумкин. Биргина ўтган йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 45 триллион сўмдан ошиб, ўсиш кўрсаткичи 8 фоизни ташкил этди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини қисқартириш борасидаги ишлар натижасида 150 минг нафардан зиёд фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди.

Жумладан, Инвестиция дастурига мувофиқ қиймати 4,2 триллион сўм бўлган 809 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 16 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади.

Маълумки, Президентимиз ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг ўзига хос хусусиятидан ва аҳоли кўникмаларидан келиб чиқиб иш тутиш зарурлигини таъкидлайди. Олтиариқнинг шундай устуворлиги деҳқончиликда, одамларининг омилкорлигида. Айниқса, Олтиариқ узуми чет элларда ҳам таниқли “бренд”га айланган.

Бундай маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилди.

Президентимиз ушбу боғни келиб кўрди.

Илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот.

Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “кишмиш” каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.

Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади. Булар аҳоли даромади, юртимиз экспортини ошириш учун қўшимча манба бўлади.

– Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқаяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни “инсон қадри” тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади – 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.

– Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади, – деди Президент.

Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади.

Президентимиз шундай ишчилар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Фарғона вилояти Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлди.

Корхона раҳбари Муҳаммадали Юнусов миллий ёғоч ўймакорлиги мактабининг муносиб давомчиси. Унинг ишлари юртимиздаги кўплаб мақбара ва янги мажмуаларга кўрк бағишлаган. Қўлигул ҳунарманд Ўзбекистон халқ устаси унвонига сазовор бўлган.

Муҳаммадали Юнусов ижодида “паргори”, “шарафа”, “муқарнас” ва “ислимий” услублар устувор. Нақшинкор устунлар, курси, лавҳ, қутича ва бошқа оилавий буюмлар ҳамиша харидоргир.

Устанинг шогирдлари кўп. Шу боис корхонага кенг шароит яратиш мақсадида янги бино қурилмоқда.

– Ота-боболаримиздан мерос ҳунарни асраб-авайлаб, ёш авлодга етказаётганингиз, ёшларни ишли қилаётганингиз учун раҳмат, – деди Президент. – Бундай ҳунармандчилик турларини янада оммалаштириш керак. Бу ҳам маданият, ҳам маърифат, ҳам иқтисодиёт.

Давлатимиз раҳбари мазкур оилавий корхона ёнида мактаб ташкил этиш, унда ҳунарлар билан бирга математика, геометрия, физика, кимё каби фанларни ҳам чуқурлаштириб ўқитиш муҳимлигини таъкидлади. Тошкент, Самарқанд, Хива ва Бухорода ҳам шу каби ёғоч ўймакорлиги марказлари ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Президент Фарғона вилояти Бувайда туманида қурилган мебелсозлик мажмуасини бориб кўрди.

Бувайдада кўпчилик уста дурадгор. Оилалар ўз уйида эшик-ромлар тайёрлаб сотади. Уларнинг маҳсулотлари Фарғона водийсидан ташқари Тошкент шаҳри, узоқ вилоятларгача етказиб берилади.

Лекин ҳовлида шароитлар етишмасди. Об-ҳаво, шовқин ноқулайлик туғдирарди. Бувайдалик ҳунармандларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳаллада мебелсозликка ихтисослашган мажмуа барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. Бир қаватли биноларда ишлаб чиқариш устахоналари, икки қаватли биноларда савдо, кўргазма ва маиший хизмат хоналари жойлашган.

Президентимиз янги бинода иш бошлаган ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

– Булар бу кунга машаққат билан келган. Энди ҳар куни ишлашга ҳам тайёр. Фақат бунинг учун барқарор хомашё ва бозор керак. Давлат шу жиҳатдан ёрдам берса, ҳунармандларнинг иши юришади, шогирдлари кўпаяди, даромади ошади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Қорақалпоғистон ва вилоятларда мебелбоп дарахтлар етиштириш, қайта ишланган ёғоч маҳсулотлар тайёрлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мажмуада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички бозордан ташқари Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонга экспорт қилиш режалаштирилган. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 3 минг 700 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланиши мўлжалланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борди.

Бу мажмуа ҳам Президент ташаббусининг натижаси. Учкўприкда тикувчи аёллар, оилавий корхона ташкил этган, маҳалладошларини ишли қилган тадбиркорлар кўп. Лекин улар мослаштирилган шароитларда ишлар, бу бизнесни кенгайтиришга ҳалал берар эди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида тадбиркор аёллар билан суҳбатлашиб, улар учун замонавий мажмуа қурилишига ваъда берган эди. Шу асосида 2021 йил 27 май куни “Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда 15 гектар ер ажратилиб, кўп қаватли бино барпо этилмоқда. Бу ерда 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси бўлади. Шунингдек, 2 та логистика маркази ташкил этилади. Натижада Бобошбек, Бекмурод, Зиғир, Палохон ва Яккамулла каби маҳаллалардаги юзлаб тадбиркорларга замонавий қулайлик яратилади.

Масалан, биргина Бобошбек маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Улар тайёрлаётган маҳсулотлар Қўқон бозори орқали юртимиз ҳудудлари, қўшни мамлакатларгача етиб бормоқда. Энди замонавий шароитлар самарасида бу кўлам янада кенгаяди.

Президентимиз бу ерда иш бошлаган тикувчилик корхоналари фаолияти билан танишди, тадбиркорлар ва харидорларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Мажмуада йилига 876 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик экспорт қилиниши мўлжалланган. Жами 7 минг 700 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиши мумкин.

Қўштепа туманида ҳам яна бир тўқимачилик корхонаси қурилмоқда. “Global textile infinity” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган бу фабрика йилига 18 миллион метр юқори сифатли мато ҳамда 2 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари тўқимачиликда қайта ишлаш даражасини ва маҳсулотлар ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Бугун бозор бешафқат. Бу рақобатга муносиб бўлиш учун тадбиркорнинг камида беш йиллик мўлжали, сифат кафолати, таннархда ўзининг резерви бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Марғилон шаҳрида ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлди.

Наврўз маҳалласи ҳудудидаги бу жой илгари тошлоқ, фойдаланилмайдиган ер эди. Лекин коммуникация ва логистика жиҳатидан жуда қулай.

Шу боис 7 гектар майдонда ушбу саноат зонаси ташкил этилди. Бу ерда тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати бўйича 28 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда уларнинг 12 таси ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Барча корхоналарда мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари корхоналардан бирида ишлаётган аёллар билан суҳбатлашди.

– Инсон қадрини улуғлаш бўйича ҳаракатларимизда аёлларга алоҳида аҳамият қаратаяпмиз. Аёл бу – оила дегани, баркамол фарзандлар дегани. Нима учун “Аёллар дафтари” ташкил қилдик? Ҳар бир эҳтиёжманд хотин-қизга эътибор қилиш учун. Сизнинг ҳам баъзиларингиз “менинг қўлимдан келмайди” деб ўйлаган бўлишингиз мумкин. Қила олар экансиз-ку. Сизларда мана шундай ишонч бўлиши учун, қизларимиз касб-ҳунарли бўлиши учун бундан кейин ҳам ҳамма имкониятларни ишга соламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай саноат зоналарини чекка туманларда ҳам очиб, унга ёшларни жалб этиш, касбга ўргатиш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берилди.

Президентимиз Тошлоқ туманидаги “Agro impex valley” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Қиймати 100 миллиард сўмдан зиёд бўлган ушбу корхона 2020 йилда ишга туширилган. Бу ерда “Амира текстиль” белгиси остида тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ёзги пойабзалларнинг устки қисми ҳам тайёрланади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошлоқ туманида ишлаб чиқарилаётган саноат ва ҳунармандчилик маҳсулотларини кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Масъуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбирлари