Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида жойларда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда.

Президентимиз Косон туманида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган шундай уйларни бориб кўрди.

Бу ерда 2022-2026 йилларда 120 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, маҳалла идораси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуаси каби турли ижтимоий объектлар барпо этилади. Ушбу ҳудудда истироҳат боғи ва стадион борлиги аҳолига қулайлик яратади.

Жорий йилда 616 та хонадонли 30 та уй-жой қурилиши бошланган.

Давлатимиз раҳбари уйларни сифатли қуриш, одамлар учун хамёнбоп қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоғини яхшилаш борасидаги режалар ҳақида маълумот берилди.