Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 мартда
қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 28 мартда
маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги 924–ХII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган 162–II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 1–2, 10-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 249-модда, № 7, 324-модда; 2009 йил, № 12, 470-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда; 2012 йил, № 9/2, 244-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 1-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасида:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади»;
2) 11-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судларнинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципларига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ваколатлари ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.
Судларнинг фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади, ушбу департамент тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти:
судларнинг фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашга доир ишларни ташкил этади, шунингдек бу ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлайди, судларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўради;
судьяларнинг ва судлар аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашнинг жорий аҳволини тизимли таҳлил қилади, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашни ривожлантириш юзасидан узоқ муддатли комплекс дастурлар тайёрлайди;
судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этади»;
3) 12-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 
қонунчилик ташаббуси
          Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга»;
4) II бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«II БЎЛИМ. СУДЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ»;

5) 13-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга»;
6) 14-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳамда раис ўринбосарлари – фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборат бўлади ҳамда қуйидаги таркибда иш олиб боради:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;
Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати;
Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати»;
7) 15-модданинг:
биринчи қисмидаги «олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
 иккинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Судьялар олий кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 17-модда иккинчи қисмининг:
  тўртинчи хатбошисидаги «таркиби ва раисларини» деган сўзлар «таркибини» деган сўз билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбошисидаги «олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
9) 21-модданинг биринчи қисмидаги «ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси» деган сўзлар билан алмаштирилсин»;
10) 24-модданинг тўртинчи хатбошисидаги «олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
11) 26-модданинг:
ўн иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркиби тўғрисида, судлов ҳайъатлари ҳамда Судьяларнинг олий малака ҳайъати таркиблари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади»;
қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда судларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади»;
ўн олтинчи – ўн тўққизинчи хатбошилари тегишинча ўн еттинчи – йигирманчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
12) 27-модданинг:
 номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«27-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 
биринчи ўринбосари, раис ўринбосарлари – судлов ҳайъатларининг раислари»;
          биринчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, раис ўринбосарлари – судлов ҳайъатларининг раислари»;
13) 28-модда чиқариб ташлансин;
14) 2-бобнинг номидаги «ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ» деган сўзлар «ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДИ» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
15) 29-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси судининг, 
вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг таркиби
          Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялар, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари раис ва судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раис ва судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради»;
16) 30-модданинг:
 номидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
 биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди»;
17) 31-модданинг номидаги ва матнидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
18) 32-модданинг номидаги ва биринчи хатбошисидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
19) 33-модданинг номидаги ва биринчи хатбошисидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
20) 34-модданинг:
номидаги ва биринчи хатбошисидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
 бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
олтинчи – ўн биринчи хатбошилари тегишинча бешинчи – ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
саккизинчи хатбошисидаги «Умумий юрисдикция судлари судьяларининг» деган сўзлар «Судьяларнинг» деган сўз билан алмаштирилсин;
21) 35-модданинг:
номидаги ва биринчи қисми биринчи хатбошисидаги «Олий» деган сўз чиқариб ташлансин;
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар судлари раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари Cудьяларнинг олий малака ҳайъати қарорига кўра судьялардан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин»;
22) 3-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО, ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ. ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ. ТУМАНЛАРАРО, ТУМАН (ШАҲАР) ИҚТИСОДИЙ СУДИ. ТУМАН (ШАҲАР) МАЪМУРИЙ СУДИ»; 
23) 36-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

           «36-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман 
(шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман 
(шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) 
иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий 
судининг таркиби 

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди раис ва судьялардан иборат бўлади.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди раис ва судьялардан иборат бўлади.
Туман (шаҳар) маъмурий суди раис ва судьядан иборат бўлади»;
24) 37-модданинг:
 номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«37-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман 
(шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман 
(шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) 
иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий 
судининг ваколатлари»; 
қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган низоларни ва корпоратив низоларни, шунингдек қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Туман (шаҳар) маъмурий суди давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни ҳамда қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади»;
25) 38 – 40-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«38-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман 
(шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман 
(шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) 
иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий 
судининг раиси 
           Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг раиси:
суд мажлисларида раислик қилади, судьялар ўртасида ишларни тақсимлайди;
фуқароларни шахсан қабул қилади ҳамда уларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;
суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг раиси йўқлигида унинг ваколатлари судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарорига кўра судьялардан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.

39-модда. Ҳарбий судлар тизими
           Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий судлари тизими Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборат.

40-модда. Ҳарбий судларнинг таркиби 
           Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқида иш олиб боради ҳамда раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқида иш олиб боради ва раис, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади»;
26) 41-модданинг тўртинчи хатбошисидаги «умумий юрисдикция судлари» деган сўзлар «судлар» деган сўз билан алмаштирилсин;
27) III бўлим чиқариб ташлансин;
28) 61-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.
Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси бўлиши мумкин.
Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси бўлиши мумкин.
Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва стажировкани ўташи шарт. Ўқув ва стажировкани ўташ даврида улар асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилинади»;
29) 63-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раислари ва раис ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.
Ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади»;
30) қуйидаги мазмундаги 63(1) ва 63(2)-моддалар билан тўлдирилсин:

«63(1)-модда. Судьянинг ваколат муддати ва уни ҳисоблаш тартиби 
           Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади.
Судья ўз ваколати муддати давомида ҳарбий суднинг, вилоят ва Тошкент шаҳар судининг судьяси, туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин. Бунда бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги керак.
Судьянинг қайта тайинланиши масаласи унинг аризасига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига биноан киритилади.
Судьянинг ваколат муддати унинг судьялик лавозимида фаолият юритган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

63(2)-модда. Суд раисларининг ваколат муддати 
           Суд раислари беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади. Айни бир шахс тегишли судда сурункасига икки муддатдан ортиқ раис этиб сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.
Суд раисининг раис сифатидаги ваколат муддати тугагач, у ўзининг фаолиятини ўз розилиги билан шу судда судьялик лавозимида давом эттиради ёхуд қолган ваколат муддатига ўз розилиги билан бошқа судьялик лавозимига сайланади ёки тайинланади»;
31) 64-модда учинчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан алмаштирилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари – Қорақалпоғистон Республикасининг тегишли судлари раёсати мажлисида»;
32) 66-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судьялар ўз ваколатлари доирасида ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт»;
33) қуйидаги мазмундаги 66(1)-модда билан тўлдирилсин:

«66(1)-модда. Судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 
           Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун олтмиш беш ёшни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши судьянинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.
Судья пенсия ёшига етганда ёки пенсияга чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа асослари мавжуд бўлган тақдирда, пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади»;
34) 70-модданинг:
иккинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди раиси» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас»;
еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судларнинг судьяларига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир»;
35) 71-модда иккинчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судьяларнинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин, агар»;
36) 72-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
1) судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;
2) ёзма ариза берган тақдирда;
3) судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;
4) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;
5) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотган тақдирда;
6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
7) вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
8) соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;
9) суд раисининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, агар у бошқа судьялик лавозимига ўтишга розилик бермаса.
Ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ваколатлари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисининг ва раис ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ваколатлари – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;
ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьясининг, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисининг ва судьясининг ваколатлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан;
Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьясининг ваколатлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосасига асосан киритиладиган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан муддатидан илгари тугатилади.
Судьянинг ваколатларини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.
Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьяларнинг малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 9-бандларида кўрсатиб ўтилган асослар мустасно»;
37) 73-модданинг:
иккинчи қисми чиқариб ташлансин;
учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча иккинчи ва учинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
38) 74-модданинг иккинчи – тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади.
Судьялар олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан беш йил муддатга сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида беш йил муддатга сайланади»;
39) 77-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суд аппарати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади»;
40) 78-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси судларининг тузилмаси ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Судларнинг штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси зарур бўлган ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади»;
41) 79-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судларни молиялаштириш, уларнинг моддий-техника ва ўзга хил таъминоти, биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджетининг ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ажратилган маблағларни тақсимлаш:
Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар учун – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун – Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан амалга оширилади.
Ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланади»;
42) 80 ва 81-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 
матбуот органлари 
           Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз матбуот органларига эга.

 
81-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди 
ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши
          Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Унинг вазифасига қонун ҳужжатларини қўллаш юзасидан суд амалиётида келиб чиқадиган масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради»;
43) 83-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«83-модда. Судларда давлат рамзлари 
            Суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади ва Давлат гербининг тасвири ўрнатилади, суд залларида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири ўрнатилади»;
44) 85-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисига, раис ўринбосарига ва судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан берилади».

            2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 477–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 9-сонга илова; 2001 йил, № 1–2, 11-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда; 2008 йил, № 4, 185-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 332-модда; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 335-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда; 2012 йил, № 9/2, 244-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 312-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 2(1)-модда билан тўлдирилсин:

«2(1)-модда. Маъмурий судларда суд ишларини юритиш 
            Маъмурий судларда суд ишларини юритиш фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади»;
2) 31-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Фуқаролик ишлари бўйича судларга қуйидаги ишлар тааллуқли:
1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, бундан қонунда бундай низоларни ҳал қилиш бошқа судларга ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар мустасно;
2) ушбу Кодекснинг 279-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар;
3) қонун билан уларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар.
Маъмурий судларга давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича ишлар тааллуқлидир»;
3) 32-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.
Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак»;
4) 264-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишларга қуйидагилар киради:
1) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар;
2) сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар;
3) нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларининг ҳаракатларни бажаришни рад этганлиги ёхуд уларни нотўғри бажарганлиги устидан берилган шикоятлар;
4) прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси;
5) ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган аризалари;
6) давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар»;
5) 266-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига;
жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши йўлида тўсқинликлар вужудга келишига;
жисмоний ёки юридик шахс зиммасига бирорта ғайриқонуний мажбурият юклатилишига ёки унинг ғайриқонуний равишда бирор-бир жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари) судга шикоят қилиниши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар жумласига киради»;
6) 267-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний ёки юридик шахснинг шикояти давлат органи ва бошқа орган жойлашган ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган ҳудуддаги судга берилади.
Ушбу Кодекснинг 26 – 29-бобларига мувофиқ судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан берилган шикоятларни кўради, бундан қонунга мувофиқ шикоят қилишнинг бошқача тартиби назарда тутилган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бериладиган шикоятлар мустасно»;
7) 268-модданинг 2-бандидаги «фуқаронинг» деган сўз «тарафнинг» деган сўз билан алмаштирилсин;
8) 27-бобнинг номидаги «Фуқароларнинг» деган сўз «Жисмоний ва юридик шахсларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
9) 269-модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Бўйсунув тартибидаги юқори турувчи органлар, мансабдор шахслар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Агар жисмоний ёки юридик шахснинг шикоятига рад жавоби берилса ёки у шикоят берган кундан эътиборан бир ой ичида жавоб олмаса, шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Шикоят ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган жисмоний ёки юридик шахс ёхуд унинг вакили, шунингдек жисмоний шахснинг илтимосига биноан тегишли равишда ваколат берилган жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг вакили томонидан берилиши мумкин»;
10) 270-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судга шикоят билан мурожаат қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:
жисмоний ёки юридик шахсга ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан уч ой;
жисмоний ёки юридик шахс юқори турувчи органдан, мансабдор шахсдан шикоятини қаноатлантириш рад этилганлиги тўғрисида ёзма маълумот олган кундан эътиборан бир ой ёки шахс ўзининг шикоятига ёзма жавоб олмаган бўлса, шикоят берилган кундан эътиборан бир ой ўтгандан кейин»;
11) 271-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суд шикоятнинг асосли эканлигини аниқласа, шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) ғайриқонуний деб топади, жисмоний ёки юридик шахснинг талабини қаноатлантириш вазифасини юклайди, унга нисбатан қўлланган жавобгарлик чораларини бекор қилади ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини бошқа йўллар билан тиклайди.
Агар суд шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) қонуний, жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилмаган деб топса, у шикоятни қаноатлантиришни рад этади».

            3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 478–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 234-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда; 2001 йил, № 1–2, 11-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 9–10, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 7, 373-модда; 2007 йил, № 8, 367-модда; 2008 йил, № 9, 490-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 6, 231-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда; 2012 йил, № 9/2, 244-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 1-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1-модда. Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи 
            Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Иқтисодий судга мурожаат қилиш ушбу Кодексда белгиланган шаклларда амалга оширилади. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар иқтисодий судга ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Хўжалик судларининг ушбу Кодексда белгиланган барча ваколатлари иқтисодий судлар томонидан амалга оширилади»;
2) 15-модданинг биринчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий судида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 23-модда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар иқтисодий судда кўрилиши керак»;
 олтинчи қисми еттинчи қисм деб ҳисоблансин;
4) 24-модда биринчи қисмининг 9-банди чиқариб ташлансин;
5) 26-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Иқтисодий судга тааллуқли ишлар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.
Республика бошқарув органлари билан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли»;
6) 43-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий судига даъво аризасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларга эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади»;
7) 125-модданинг:
иккинчи қисми чиқариб ташлансин;
 учинчи қисми иккинчи қисм деб ҳисоблансин;
8) 157-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«157-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи суд 
            Апелляция шикоятини (протестини) кўришни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) биринчи инстанцияда ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кўради»;
9) қуйидаги мазмундаги 157(1)-модда билан тўлдирилсин:

«157(1)-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби 
            Апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи судга ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи судга иш билан бирга юбориши шарт»;
10) 173-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга, прокурор эса кассация протести беришга ҳақлидир»;
11) 174-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«174-модда. Кассация инстанциясида қабул қилинган 
қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судлар 
            Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини текширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати шу суд томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини текширади»;
12) 175-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кассация шикояти (протести) кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга иш билан бирга юбориши шарт»;
13) 176-модданинг матнидаги «ёки апелляция инстанциясининг қарори» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
14) 177-модда:
биринчи қисмининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низо предмети»;
иккинчи қисмидаги «ҳал қилув қарори ёки қарорда» деган сўзлар «ҳал қилув қарорида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
15) 182-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли»;
16) 185-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) иш билан бирга кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилади»;
17) 186-модданинг матнидаги «биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси» деган сўзлар «биринчи инстанция» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
18) 187-модданинг:
 1-бандидаги «ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
 2-бандидаги «ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
3-бандидаги «ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини», «ва (ёки) қарори» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
 4-бандидаги «ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
5-бандидаги «ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
 6-бандидаги «ёки қарорлардан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
19) 188-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«188-модда. Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки 
бекор қилиш асослари 
Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидаги ҳолларда ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади:
1) иш суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилган бўлса;
2) иш суд томонидан ишда иштирок этувчи, мажлиснинг ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса;
3) ишни кўришда суд иши юритиладиган тил тўғрисидаги қоидалар бузилган бўлса;
4) суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда қайси қонун ҳужжатига амал қилганлиги ҳал қилув қарорида кўрсатилмаган бўлса;
5) суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса;
6) ҳал қилув қарори судьялардан бири томонидан имзоланмаган бўлса ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланган бўлса;
7) ҳал қилув қарори ишни кўрган суд таркибига кирмаган судьялар томонидан қабул қилинган бўлса;
8) ишда суд мажлисининг баённомаси бўлмаса ёки у ушбу Кодекс 134-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахс томонидан имзоланмаган бўлса;
9) суд арз қилинган талаб бўйича қарор қабул қилмаган бўлса»;
20) 189-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, у барча судьялар томонидан имзоланади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) қарорни қабул қилган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами ва қарор қабул қилинган сана, қарорни қабул қилган суд таркиби, мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг фамилиялари ва ваколатлари;
2) кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) ишни биринчи инстанцияда кўрган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьяларнинг фамилиялари;
4) қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
5) ҳал қилув қарорининг қонунийлигини текшириш тўғрисида масала қўйилишига сабаб бўлган асослар;
6) кассация шикояти (протести) юзасидан мулоҳазада баён қилинган важлар;
7) мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;
8) суд ишда иштирок этувчи шахслар асосланган қонун ҳужжатларини қўлламаслигининг сабаблари, шунингдек суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонун ҳужжатлари;
9) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини бекор қилганда ёки ўзгартирганда кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг хулосаларига рози бўлмаганлигининг сабаблари;
10) кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича хулосалар;
11) агар иш янгидан кўриш учун топширилаётган бўлса, ишда иштирок этаётган шахслар ва суд томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар;
12) ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас»;
21) 191-модданинг иккинчи қисмидаги «ва қарорлари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
22) 192-модданинг матнидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий суди» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
23) 193-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Протест келтиришга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори – Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг ўринбосарлари ва Бош прокурорининг ўринбосарлари – Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно»;
24) 194-модданинг матнидаги «Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий суди» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
25) 195-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«195-модда. Ишларни протестлар бўйича назорат 
тартибида кўрувчи суд 
            Протестлар бўйича ишларни назорат тартибида қуйидагилар кўради:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати – барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати – барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатининг назорат тартибида чиқарган қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича»;
26) 197-модданинг биринчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсатига» деган сўзлар «ишни назорат тартибида кўрувчи судга» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
27) 198-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ишни назорат тартибида кўрувчи суд протестни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ишнинг ҳолатлари ва протест важлари тўғрисидаги маърузасини эшитади.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суд мажлисига тушунтиришлар бериш учун ишда иштирок этувчи шахслар чақирилиши мумкин. Бундай ҳолда уларга ишни назорат тартибида кўрувчи суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарномалар юборилади. Уларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсиқ бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан ишни назорат тартибида кўришда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари иштирок этиб, ўзи келтирган протестни қувватлайди ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси ёки унинг ўринбосари келтирган протест бўйича кўрилаётган иш юзасидан хулоса беради»;
28) 199-модда:
номидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий суди» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
 биринчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий судининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
29) 201-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ишни назорат тартибида кўрувчи суд ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади. Агар ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг ҳозир бўлган аъзоларидан кўпчилиги ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг аъзолари овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин».

            4-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда амалдаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик муҳокамасининг натижалари, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси лойиҳаларини 2017 йил 1 сентябргача бўлган муддатда тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритсин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун 2017 йил 1 июндан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тўғрисидаги, шунингдек судьяларни сайлаш, тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари муддатлари ҳақидаги қоидалар ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти                                                                     Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2017 йил 12 апрель
№ ЎРҚ-428