Юқори ҳосил сари илк қадам: Амударёда чигит экишга тайёргарлик

Амударё туманининг Тўлқин ва Оқ олтин ОФЙ ҳудудларида 2026-йилги чигит экиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида республика кўргазмали семинарлари ташкил этилди.
Ўтказилган семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Анвар Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Халимбетов раҳбарлигида ўтказилиб, унда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига масъул ташкилотлар раҳбарлари, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш устахоналарида олиб борилаётган ишлар, техника ва агрегатларни мавсумга тайёрлаш жараёни кўздан кечирилди. Шу билан бирга, экин ерларини ҳайдаш, лазерли текислаш, шўр ювишга ер тайёрлаш, шўр ювиш ва шўр ювиш ишларининг бориши бўйича амалий тушунчалар берилди.
Шунингдек, уруғлик чигитларни тозалаш, саралаш ва дорилаш, биолабораторияларни мавсумга тайёрлаш масалалари семинарларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, бу ишлар бир текис кўчат етиштириш ва юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бир қаторда семинарда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Анвар Жуманазаров ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб, шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш орқали барқарор ҳосилдорликка эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўз навбатида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтиёр Юсупов ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш, хандақларни белгиланган меъёрларда қазиш, сув сарфини аниқ ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўтказилган тадбирлар доирасида республикамиз бўйича 2026 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларига ўғит чиқариш, ерга ер қўшиш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш ва ички суғориш тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Фермерлар билан ўзаро мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги