Халқимизнинг улуғ ва муқаддас байрами кенг нишонланди

Эркинлик, тинчлик, фаровонлик, ҳамжиҳатлик ва халқлар дўстлигининг юксак намунаси бўлган Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрамини халқимиз бугун барча соҳаларда катта муваффақиятлар билан кутиб олмоқда. Юртимизнинг барча жойларида байрам нафаси эсиб, инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини олдинги ўринга олиб чиқиш муҳим вазифага айланган мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар биринчи навбатда халқимиз манфаати, унинг бугунги кундан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилмоқда.

Нукус шаҳридаги Очиқ театрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида театрлаштирилган адабий, мусиқий-хореографик байрам тантанаси кўтаринки руҳда ўтказилди. Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ҳар йилгидек, бу йил ҳам байрам арафасида қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилди.
Байрам тантанасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни, бутун халқимизни мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда кўп миллатли, мард ва олижаноб халқимиз мустаҳкам ҳамжиҳатликда тараққиётнинг янги босқичлари сари дадил одимламоқда. Бу йилги байрам тадбирлари эса инсонларни «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида бирлаштириб, уларнинг қалбида ҳар қачонгидан ҳам Ватанга бўлган муҳаббатни оширмоқда.
Дарҳақиқат, мустақил юртимиз байроғи остида яшаб ва меҳнат қилаётган кўп миллатли халқимиз ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик фазилатлари юксак қадрият даражасига кўтарилгани, улар ўртасида миллатлараро тотувлик ва ўзаро дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётгани бу – ҳеч нарса билан қиёслаб ва баҳолаб бўлмайдиган бебаҳо бойлигимиз ҳисобланади. Бу йилги байрам тадбирларининг «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган чуқур маъноли ғоя остида ўтказилиши кўп миллатли халқимиз қалбига чексиз ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлаш билан бирга улар ўртасида миллатлараро тотувлик ва ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда, албатта ўтган қисқа давр ичида ҳурматли Президентимизнинг биргина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 20 дан ортиқ Фармон ва Қарорлари натижасида яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ўзининг юқори натижалари билан кўзга ташланмоқда.

Хусусан, кўп миллатли халқимизнинг дўстлик рамзига айланган дунёдаги энг катта Қора уй Нукус шаҳрида қад ростлаб, «Гиннеснинг рекордлар китоби»га киритилгани, 452 маҳалланинг ҳар бирига 500 млн сўмдан, жами 228 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳар бир юртдошимиз учун фахр туйғуларини уйғотади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг жами 21 мингдан ортиқ турар жойларида ва жанубий туманлардаги 2 000 км ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг амалга оширилаётгани, халқимизнинг бир неча йиллик орзуси ушалиб, «Амударё» дарёси устидан ўтувчи, баҳоси 379 млрд сўмлик замонавий кўприкнинг фойдаланишга топширилгани, юртимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган, 383 млн. доллар эвазига янгидан қурилган «Қўнғирот-Бейнеу» автомобиль йўлининг 240 километр қисми халқимиз фаровонлиги учун фойдаланишга топширилгани, бугунги кунда халқимиз учун файзли дам олиш масканига айланган Тахтакўпирдаги «Қоратеран» этнотуристик мажмуасининг иш бошлаши, «Нукус – Мўйноқ,» «Нукус – Олмата» ва «Нукус – Ақтау» йўналишлари бўйича авиа-қатновларнинг, шунингдек, «Нукус – Манғистов» йўналишида поезд қатновининг йўлга қўйилгани – булар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши учун яратилаётган имкониятлардир.
Шулар билан бир қаторда, ҳурматли Президентимизнинг тадбиркорларимиз учун яратиб бераётган имкониятлари натижасида, Нукус шаҳрида қиймати 50 млн. доллар бўлган базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш корхонаси («Қорақалпоқ Базалтул») ва қиймати 48,6 млн. доллар бўлган пахта ва сунъий толадан ип ишлаб чиқариш корхонасининг («Нукус ССП Технопарк) ишга тушгани,» Қораўзакдаги «Қорақалпоқ цемент» корхонасида лойиҳа қиймати 645 млрд. сўмлик қувватини кенгайтириш чоралари олиб борилиб, сифатли цемент тайёрлаш имконияти йилига 1 млн. тоннага етказилгани, Қўнғиротда 225 млрд. сўмлик натрий сульфат ишлаб чиқариш корхонасининг («ККРаси кемикал») очилгани тадбиркорларимизнинг яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётганини кўрсатади.

Албатта, буларнинг барчаси халқимиз турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Байрам томошалари «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Муҳаммад Тўрабеков ва Давронбек Эндирбоев, опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Аружон Қолбоевалар ижросидаги «Она Ватаним» мусиқий композицияси билан бошланди. Шундан сўнг халқлар дўстлиги, спорт, «Биз Янги Ўзбекистон фарзандларимиз!,» «Қудратли Армия» бўлинмаларида спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ аскарлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар кўнгилларга завқ бағишлади. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистон халқ артисти Оғабек Собиров ижросидаги «Марҳа билагини,» турк қўшиқчиси Фериал Башелнинг «Айдинлар,» Бошқурдистон халқ артисти, Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган артист Загир Зайнетдинов ижросидаги «Урал тоғ,» Ўзбекистонга хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборов ижросидаги «Лазги,» Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Мирзагул Сапаева ижросидаги «Ватан» қўшиқлари байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Тантанали байрам мушакбозлик шоуси билан якунланди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган бундай тадбирлар республикамизнинг барча туман ва қишлоқлари бўйлаб давом этмоқда.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Азизбек Дабыловнинг туширган расмлари