Кино – халқимизнинг миллий ғурури ва тарихини ёритишнинг энг кучли воситаси

Муносабат
Юртимиз мустақилликка эришганига ўттиз тўрт йил тўлиши муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб қатор байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Бугун Тошкент шаҳрида ўтган маросимда турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари барча юртдошларимизни Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимизнинг матонати, бирдамлиги ва фидокорона меҳнати ётганини таъкидлади.
Маросимдан сўнг Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Саида Раметова билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдик.

– Аввало, юртимиз мустақиллигининг шодиёнали кунларида халқимиз меҳри ва давлатимиз эътиборини ҳис этиб, «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» унвони билан тақдирланганимдан чексиз мамнунман. Бу юксак эътироф нафақат ўзимга, балки бутун театр ва кино соҳасига бўлган ҳурмат-эҳтиром белгисидир.
Кейинги йилларда санъат ва маданиятга, айниқса, кино соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Янги кинокартиналар, театр саҳналарида яратилаётган асарлар орқали халқимизнинг тарихий хотираси, маънавий дунёси ва замонавий ҳаётини кенг ёритиш имконияти пайдо бўлди.
Кейинги йилларда миллий киномиз анча жонланганини такрорлаб чарчамайман. Шу соҳанинг вакили сифатида бу ислоҳотлар натижасидан ғурурланаман. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришимиз керак. Биз ижод аҳлини кино санъатини ривожлантириш учун яна нималар қилишимиз керак, деган савол доим қийнаши лозим.
Тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтаришни истасак, кино санъатини ривожлантиришимиз лозим. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” туркуми доирасидаги фильмлар лойиҳаси асосида бирин-кетин картиналар рўёбга чиқмоқда. Энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта давр қамраб олинмоқда. Яратилаётган фильмларнинг мавзуси эса кенг ва ранг-баранг.
Менга берилган мукофот бутун жамоамизга янада масъулият юклайди. Келгусида ҳам театр ва кино саҳнасида халқимиз маънавиятини бойитишга, ёш авлодга ибрат бўладиган қаҳрамон образларни яратишга ҳаракат қиламан. Юртимиз маданияти ва кино саноати ривожига хизмат қилиш менинг энг асосий орзу ва мақсадларимдан бири бўлиб қолади.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.