Элликқалъада янги иш ўринлари яратиш ишлари ўрганилди

121

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Орынбаев Элликқалъа туманида халқнинг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида тумандаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари фаолияти кўздан кечирилди. Жумладан, «SALIM KURAMBOY» фермер хўжалигида балиқчилик лойиҳаси ҳамда «UMIDBEK ODILBEK» МЧЖ томонидан ташкил этилган лимон етиштириш иссиқхонаси фаолияти ўрганилди. Жўқорғи Кенгес Раиси ердан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали лойиҳаларни янада оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, «Элликқалъа» овулидаги «SHOX MEGA STROY BIZNES» МЧЖнинг бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, «Амиробод» қишлоғидаги «ULLI MIRSAID OTA FIRMASI»нинг қуруқ бетон қоришмалари ишлаб чиқариш ишлари ҳамда «AMIROBOD JEYRON» инновацион пахта-ғалла кластери фаолияти кўриб чиқилди. Ушбу корхоналарнинг имкониятларини янада кенгайтириш учун мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, «INNOGRAPX» МЧЖ томонидан йўлга қўйилган IT хизматлари экспорти, ҳусусий кадастр ва ўқув курслари фаолияти билан ҳам танишилди. Жўқорғи Кенгес Раиси тадбиркорларнинг бундай ташаббусларини намуна сифатида баҳолаб, бундан кейин ҳам шундай инновацион лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини қайд этди.

Ўрганишлар давомида 60-сонли оилавий поликлиникада амалга оширилган рақамлаштириш ишлари ҳам кўриб чиқилди. Бу ташаббуслар тиббий хизмат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ташриф якунида Жўқорғи Кенгес Раиси тумандаги кўча бошилари ва нуронийлар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни тинглади ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги