Саудия Трампга жавоб қайтарди

260

Фаластин мустақил давлат сифатида тузилмас экан, Саудия Арабистони Исроил билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмайди. “Reuters” ахборот агентлиги ёзишича, айни мазмундаги баёнот Президент Дональд Трамп АҚШ Ғазо секторини ўз қўлига олмоқчилигини айтгандан сўнг янграган.

Кеча Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан қўшма матбуот анжуманида қатнашган Трамп Қўшма Штатлар урушдан вайрон бўлган ҳудудни фаластинликлар бошқа жойга кўчирилгандан сўнг эгаллаб олишини ва ҳудудни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришини айтди.

Саудия Ташқи ишлар вазирлиги бугун берган баёнотида мамлакат фаластинликларни ўз тупроғидан сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишни рад этиши ва ушбу мавзуда мутлақо музокара олиб бормаслигини маълум қилди.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон подшоҳликнинг ҳеч қандай шароитда талқин қилишга йўл қўйилмайдиган қарашини “аниқ ва равшан тарзда” тасдиқлади, дейилган расмий ҳужжатда.

Фаластин халқини кўчириш таклифи барча араб давлатлари учун жуда нозик масала. Саудиянинг Яқин Шарқдаги сиёсати ҳақида гап кетганда эса Трамп ҳам, Исроил ҳам ўйланиб қолиши аниқ. Америка Қўшма Штатлари мазкур қудратли ва нуфузли араб давлатининг Исроил билан алоқани меъёрига келтириши ва мамлакатни тан олиши учун бир неча ой дипломатия олиб борган. Афсуски, 2023 йил октябрь ойида бошланган уруш бу масалани бутунлай тўхтатиб қўйган эди.

Мусулмон Зиё, ЎзА