АҚШда самoлётлар ҳалокати, Сурияга президент келиши ва ғазоликларнинг уйга қайтиши

206

Трам АҚШдап Россия – Украина муаммосини қачон ҳал қилади?

АҚШ Президенти Доналд Трамп Россия – Украина можаросини шу йил баҳоргача ҳал қилиш ниятида, деб ёзди Британиянинг «Independent» газетаси.

Хабарда айтилишча, Оқ уй раҳбари режасини амалга ошириш учун Киев ва Москва билан алоҳида-алоҳида иш олиб бораётган бўлиши мумкин.

Аввалроқ «The Wall Street Journal» Трамп ўзининг Украина бўйича махсус вакили Кейт Келлогга Москва ва Киев можаросини 100 кун ичида ҳал қилиш бўйича кўрсатма бергани, аммо бу борада муваффақиятга эришилишига, деярли, ҳеч ким ишонмаётгани ҳақида ёзган эди.

– Россия Украина билан можаро масаласида Американинг янги маъмурияти билан мулоқот учун очиқ, – деган Президент Владимир Путин Оқ уй бу йўлда бошлаган саъй-ҳаракатга муносабат билдираркан. – Келишувдан мақсад қисқа муддатли сулҳ эмас, балки узоқ муддатли тинчлик бўлиши керак.

«Уларнинг энергетика тизими бутунлай йўқ қилинмоқда. Кимдир буларни реконструкция учун тўлов қилиши керак бўлади. Ҳозирда жуда кўп украиналиклар Украинани тарк этиб, ҳозир бошқа давлатларда яшамоқда, улар ҳеч қачон юртига қайтмаслиги мумкин. Бу уларнинг келажаги ва у хавф остида», — деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.

Шунингдек, Марко Рубио Россия ва Украина ўртасидаги уруш музокаралар орқали якунланиши кераклигини яна бир бор таъкидлади ва бунинг учун ҳар иккала томон муросага бориши лозимлигини айтди.

Америка Қўшма Штатлари шу ҳафта олдин Исроилда сақланган «Патриот» ҳаво мудофаа тизими учун мўлжалланган 90 га яқин тутиб олувчи ракетани Украинага жўнатди.

Қурилмалар аввал Полшага етказилган, энди Украинага ўтказилиши кутиляпти. Бу 2022 йил можаро бошлангандан бери Исроилдан Киевга етказилган энг йирик қурол тўпламидир.

Портал маълумотига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш асносида 2024 йил апрелда эскирган, дея баҳоланган «Патриот» тизимини фойдаланишдан чиқарган.

Шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.

Мамлакат раҳбари мудофаа вазирига 60 кун ичида тегишли лойиҳани тақдим этиш бўйича топшириқ берган.

– Ушбу ҳужжат кучга кирган кундан бошлаб 60 кун ичида мудофаа вазири Президентга янги авлод ракета қалқони учун мос лойиҳа, имкониятга хос талаб мезони ва мазкур ташаббусни амалга ошириш режасини тақдим этади, – дейилган фармойишда.

Айни жараёнда баллистик, гипер товушли ва илғор қанотли ракетадан ҳимояланиш, худди шундай русумдаги фазони кузатиш қурилмалари ўрнатилишини тезлаштириш ҳамда ракетани кучайтириш босқичида тутиб олишга қодир тутқичларни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш кўзда тутилган.

Буйруқда энг замонавий усуллар орқали амалга ошириладиган ҳаво ҳужумига дуч келиш эҳтимоли Қўшма Штатлар олдидаги «энг ҳалокатли таҳдид» экани ҳам таъкидланган.

Трамп инаугурация куни Қуролли кучларга мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун «Темир гумбаз» тизимини ишга тушириш ниятини ошкор этиб, миллий мудофаани ривожлантириш янги маъмурият учун устувор йўналишлардан бири бўлишини қўшимча қилганди.

Ўн минглаб фаластинликлар Ғазо шимолига қайта бошлади

Ушбу ҳафта Исроилнинг йирик ҳужумлари туфайли уйини тарк этишга мажбур бўлган ўн минглаб фаластинликлар жанубдан шимолга қайта бошлади.

Исроил Ғазонинг шимолий ва жанубий қисмларини ажратиб турувчи Несарим йўлагидан ўтишга рухсат берилишини эълон қилгач, қочқинлар Ал-Рашид кўчаси орқали эксклав шимолига йўл олди.

Келишувга кўра, Салоҳиддин кўчаси орқали қайтиш пиёда эмас, фақат автомобилда амалга оширилиши режалаштирилган. Машиналар назорат пунктида Америка хусусий хавфсизлик компанияси томонидан текширилади.

Исроилнинг учувчисиз учиш қурилмалари ҳудуд узра учаётгани ҳақида хабарлар бор. Сектор шимолидаги биноларнинг 80-90 фоизи вайрон бўлган эсада, 15 ой давомида бир неча бор уйини ташлаб кетганлар, барибир, юртига қайтишни хоҳламоқда.

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Иззат Ал-Ришқ Ғазо аҳолисини «муборак қайтиш» билан қутлади. Ҳаводан олинган суратларда кўчманчиларнинг кенг оқими қайтиш жараёнини кутаётгани акс этган.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС ва Исроил келишуви доирасида асирларни алмашишнинг иккинчи босқичида юзага келган инқироз бартараф қилинганини билдирди.

– Раҳбарият маҳаллий аҳолини Ғазо секторидан кўчиришга қаратилган ҳар қандай режа ёки лойиҳани қатъиян рад этади ва қоралайди. Фаластинликлар ўз ерларини ҳеч қачон тарк этмайди, – дейилган WАФА ахборот агентлиги расмийлар баёноти асосида тарқатган хабарда.

Аввалроқ Американинг НБC телеканали номи ошкор этилмаган амалдорга таяниб, Президент Дональд Трамп маъмурияти ҳозир Ғазони қандай тиклаш, бундай шароитда 2 миллионга яқин фаластинликни қаерга жойлаштиришни ўйлаётганини маълум қилган. Ахборотда одамлар эҳтимолий кўчириладиган жойлардан бири Индонезия бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Саноқсиз ороллардан иборат бу давлат Ташқи ишлар вазирлиги эса айни хабарга изоҳ бераркан, Жакарта бундай режадан бехабарлигини таъкидлаган.

АҚШда ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари топилди

АҚШ Миллий Транспорт хавфсизлиги кенгаши Вашингтон яқинида вертолёт билан тўқнашиб, дарёга қулаган йўловчи самолёти парвозига доир маълумотларни ёзиб олган «қора қутилар» топилгани ҳақида хабар берди.

«USA Today» маълум қилишича, Потомак дарёсида қидирув олиб борган экипажлар фожиа юз берган лаҳзалардаги ҳолатларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этадиган овоз ёзиш қурилмаси ва бошқа маълумотларни қайд этиш мосламасини топди.

Қора қутилар синов учун лабораторияга олиб кетилганини билдирган  Питер Кнудсонинг сўзларига кўра, самолёт саҳнида бошқа ёзув аппаратлари бўлмаган. Шунга қарамай, мавжуд маълумотлар ҳалокат сабабини юзага чиқариши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни АҚШ пойтахтининг Роналд Рейган номли халқаро аэропорти яқинида йўловчи самолёти ва ҳарбий вертолёт самода тўқнашган. «American Airlines» ҳаво кемасида 60 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси, вертолётда эса уч киши бўлган. Президент Трамп ҳалокатда ҳеч ким тирик қолмаганини билдириб, вертолёт бошқарувчиси хатога йўл қўйганини таъкидлади. Ҳафта охирига келиб, АҚШнинг Пенсилвания штатида яна бир кичик ўлчамли самолёт ҳалокатга учради. Штат губернатори Шимолий-шарқий Филаделфияда бортида икки киши бўлган кичик ўлчамли самолёт қулаб тушганини маълум қилди.

Самолёт турар-жой бинолари яқинида қулаб тушган. Дастлабки маълумотларга кўра, авиаҳалокат оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Аҳмад Аш-Шаръа – Сурия Президенти

«SANA» агентлиги хабар беришича, Суриянинг муваққат ҳукумати маъмурияти раҳбари Аҳмад Аш-Шаръа расман мамлакатнинг ўтиш давридаги етакчисига айланди. Янги ҳукумат мамлакат конституцияси бекор қилиниши, шунингдек барча хавфсизлик кучлари ва қуролли тузилмалар тарқатиб юборилиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма пайдо бўлишини эълон қилди.

– Ҳозир ҳокимиятдаги бўшлиқни тўлдириш, фуқаролар тинчлигини сақлаш, давлат институтларини тузиш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун замин яратиш, юртнинг халқаро ва минтақавий мақомини тиклаш устувор вазифалар ҳисобланади, – деди янги Президент.

8 декабрь «Буюк Сурия инқилоби» ғалабаси куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Бундан ташқари мамлакатда 61 йил ҳукмронлик қилган «Баас» партияси тарқатиб юборилади ва бошқа ном остида қайта фаолият юритиши ҳам тақиқланади.

Ушбу ҳафта Европа Иттифоқи Сурияга қарши қатор санкция чораларини тўхтатишга қарор қилди, дея маълум қилди Франция ташқи ишлар вазири Брюсселдаги кенгаш йиғилиши олдидан.

– Энергетика, транспорт, молия соҳаларида қўлланадиган, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлашуви ва тикланиш жараёнига халақит берадиган айрим чекловлар бекор қилинади, – деди мулозим.

«Интерфакс» хабарига кўра, айни қадам сурияликларнинг сиёсий ўтиш жараёнига қўшилиши муносабати билан ташланмоқда. Бу «хавфсизликни кафолатлаш бўйича қатъий чоралар, айниқса терроризм қайта кучайишининг ҳар қандай кўринишига қарши изчил курашни таъминлайди.

Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА