Мамлакатимиз нефть-газ соҳасида замонавий ечимларга кенг йўл очилади

243

Кейинги йилларда мамлакатимизда нефть-газ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Бунда соҳадаги ишларни тизимли ташкил қилиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликлар ҳам йўлга қўйилмоқда.

Бугун пойтахтимизда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россия Федерациясининг Нефть ва газ технологик ташаббуслари институти (ИНТИ) билан ҳамкорликда “Техник кун” халқаро конференциясининг ўтказилиши ҳам ана шундай ишларнинг мантиқий давомидир.

Анжуманда иштирок этган маҳаллий ва хорижлик экспертлар, мутахассислар, корхона вакиллари нефть-газ, энергетика ва автоматика соҳасига ихтисослашган йирик хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган геологик қидирув, қайта ишлаш ускуналари, логистика хизматларининг ички ва ташқи бозорда харидоргирлигини ошириш бўйича замонавий ечимлар ҳақида сўз юритди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти бошлиғи Феруз Мадатовнинг маълум қилишишича, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йилдан бошланган. Шу вақт давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россия Федерациясининг Нефть ва газ технологик ташаббуслари институти ҳамкорлигида 140 дан ортиқ стандартлар кўриб чиқилган. “Ўзбекнефтгаз” АЖ экспертлари томонидан эса 80 та стандарт тасдиқланган.

– Бугунги анжуман ҳам ҳамкорликнинг давоми бўлиб, унинг доирасида геологик қидирув, бурғилаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, босим остида ишловчи аппаратлар, ротацион ва насос ускуналари, энергетика, автоматлаштириш, қурилиш меъёрлари каби 170 дан ортиқ йўналиш ва стандартлар бўйича тақдимотлар ўтказилади, – деди Ф.Мадатов.

Шунингдек, анжуманда тармоқ ва саноат корхоналари мутахассислари учун ташкил этилган сессияларда халқаро стандартларни Ўзбекистонда татбиқ этиш ва ишлаб чиқариш корхоналарига жорий қилиш, қолаверса, халқаро, давлатлараро, минтақавий ва хорижий мамлакатлар стандартларини қўллаш тартиблари хусусида ҳам сўз борди.

Эслатиб ўтамиз, анжуман доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва ИНТИ ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзоланиши кутилмоқда.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА