2 февраль — Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни

441

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни асраш, дарё ва кўллар, Орол денгизи ҳавзаларида экотизимларнинг барқарорлиги ва яшаб қолиши учун шарт-шароитларни яхшилаш табиатни асрашнинг муҳим омилидир. Айниқса, сув ҳавзалари ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўзига хос яшаш муҳити сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Сув ҳавзалари Ер сайёрасида катта майдонни эгаллашига қарамасдан, охирги йилларда улардан саноат ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун кенг фойдаланилаётгани ушбу ҳавзаларга бўладиган турли таъсирлар кўламининг кенгайишига ва халқаро миқёсда муҳофаза қилишга эҳтиёж туғдирди.

1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Рамсар шаҳрида «Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисида»ги Конвенция қабул қилинган. Мазкур Конвенциянинг мақсади инсон ва унинг атрофини ўраб турган муҳитнинг ўзаро боғлиқлигини ва сувли-ботқоқ ерларнинг иқтисодий, маданий ва рекреациявий аҳамиятини ҳамда сувда сузувчи қушлар ва уларнинг муҳофазасига халқаро ресурс сифатида қаралиши лозимлигини тан олган ҳолда узоқни кўзлаган миллий сиёсат билан халқаро ҳаракатлар мувофиқлаштирилишини таъминлашдан иборат.

Табиатда биохилма-хилликни асрашга қаратилган мазкур Конвенция кўчиб юрувчи қушларга яшаш шароитлари қулайлигини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги халқаро Конвенцияга 2001 йилда аъзо бўлган.

Ўзбекистондаги кўллар ва сув омборларида ва уларнинг ботқоқлар сифатида таърифланувчи қирғоқ зоналарида жуда кўп қушлар паноҳ топган. Улар орасида Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган турлар билан бир қаторда, қушларнинг миграциялари ва қишлаш даврларида бир неча ўн минглаб ов қилинадиган қушлар ҳам учрайди.

Қушлар паноҳ топадиган сувли-ботқоқли ҳудудлар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш соҳа мутахассисларининг олдида турган муҳим вазифалардандир. Зеро, табиатни борлигича асраш, табиий муҳитларга турли таъсирларнинг олдини олиш бугунги экологик вазиятда долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотларида Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни муносабати билан турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Уларда олимлар ва мутахассислар сув ҳавзаларидаги экотизимларни асраб-авайлаш, Рамсар Конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш каби масалаларни муҳокама қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, ушбу сана биохилма-хилликни асраш, сувда сузувчи қушларнинг турларини сақлаб қолиш, сув ҳавзаларидан хўжалик фаолиятида фойдаланишда табиатни муҳофаза қилиш нормаларига қатъий риоя этишда муҳим ўрин тутади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса, ўз навбатида атроф табиий муҳитини асраш ҳамда экологик туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА