Суғурта пулининг неча фоизи фуқароларга қайтариляпти? – Мутахассис жавоб беради (+видео)

385

Бугунги кунда Ўзбекистонда 150 дан ортиқ суғурта турлари бор бўлиб, уларнинг 50 га яқинидангина фойдаланилади. Хорижий давлатлардаги 2000 дан ортиқ суғурта турларининг деярли барчаси фаол ишлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатимизда суғурта бозори ривожланишига тўсқинлик қиладиган қатор муаммолар бор. Мисол учун, ойлик иш ҳақининг камлиги. Бундан ташқари жами тўланган суғурталарнинг атиги 20 фоизи тўлаб берилмоқда. Яъни суғурта ташкилотига 100 миллион сўм тўлов қилинса, шунинг 20 фоизгача бўлган қисмигина суғурта қопламалари учун тўлаб берилмоқда. Бу эса потенциал суғурталанувчиларда суғурта соҳасига бўлган қизиқишни ва ишончни сусайтиряпти.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Қамариддин Қўлдошев билан суҳбатимиз Ўзбекистон суғурта бозоридаги ютуқ ва камчиликлар тўғрисида бўлди.

– Сўнгги йилларда республикамизнинг кўпгина тижорат банклари муассислигида суғурта компаниялари ташкил этилмоқда. Ушбу жараённинг ижобий ва салбий жиҳатлари тўғрисида нима дея оласиз? Ушбу ҳолат суғурта бозорида носоғлом рақобат муҳитини келтириб чиқармайдими? 

– Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда Ўзбекистон миллий суғурта бозорида қирқдан ортиқ суғурта компаниялари фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг ўнга яқини тижорат банклари муассислигида ташкил этилган. Бундай тенденция фақат бизнинг мамлакатимизда эмас, балки аксарият мамлакатларда бўлган ва давом этмоқда. Масалан, АҚШ суғурта бозори дунёдаги энг йирик миллий ҳамда халқаро суғурта бозори сифатида эътироф этилади. Шундан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, мамлакатимизда соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш талаб этилади.

– Ўзларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаган кўпчилик транспорт воситалари эгалари бир ҳолат бўйича норозилик билдиришади. Бу шундан иборатки, суғурта ҳодисаси содир бўлиши оқибатида суғурта компаниясига зарарни қоплаб беришни сўраб мурожаат қилганларида, тўловни амалга оширишнинг чўзилиб кетишидир. Чет мамлакатларда бундай тўловлар қисқа муддатда амалга оширилиши тўғрисида эшитамиз, бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? 

– Ҳақиқатдан ҳам ушбу ҳолат кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда. Бунинг асосий сабаби амалдаги қонунчиликка кўра, тўловларни амалга оширишнинг белгиланган босқичлари кўплигидир. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгандан кейин ушбу ҳолатни йўл-патруль хизмати ходимлари қайд этишлари, ундан кейин ушбу хизматнинг тергов бўлими тергов қилиши, ундан кейин ҳужжатлар суд идорасига тақдим қилиниши ва суд жараёнлари амалга оширилгандан кейин ҳужжатлар суғурта компаниясига узатилиши ва шундан кейин суғурта компанияси қарор қабул қилиши, унга қадар зарар қийматини баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланиши, ундан кейингина ўн беш кун оралиғида тўлов амалга оширилиши мумкин. Бу жараёнлар вақт талаб қилади. Чет мамлакатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу жараёнларни қисқартириш масаласини кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Албатта, бу масалада Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 сентябрдаги қарори асосида жуда қулай тартиб амалга киритилган. Ушбу тартибга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси фақат иккита транспорт воситаси ўртасида юз берган ва бунда инсонларга зарар етказилмаган бўлса, йўл-патруль хизматчиларининг иштирокисиз, томонларнинг ўзаро келишуви билан ҳодиса расмга олиниб, баённома тўлдирилиб, ушбу баённомага иккала томон имзо қўйган ҳолда суғурта компаниясига тақдим қилиш орқали тўловни олиш мумкин.

– Сўнгги йилларда аксарият фуқароларимиз ҳаёт суғуртаси бўйича тақдим этилган даромад солиғи имтиёзидан фойдаланган ҳолда ҳаёт суғуртаси хизматидан фойдаланаётган эди. Аммо яқинда ушбу солиқ имтиёзининг бекор қилиниши натижасида бу суғуртадан фойдаланувчиларнинг кескин камайиб кетгани тўғрисида хабарлар эшитяпмиз… 

– Ҳаёт суғуртаси ижтимоий ҳимоя воситаси сифатида амал қилиш билан бирга жамғариш воситаси ҳам ҳисобланади. Ушбу суғурта тармоғининг яна бир хусусияти иқтисодиёт учун муҳим бўлиб, ушбу суғурта воситасида катта ҳажмдаги узоқ муддатли инвестиция маблағлари тўпланиб, уларни иқтисодиёт соҳаларига инвестиция қилиш имконияти яратилади. Ҳаёт суғуртасининг ушбу хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, давлатлар мазкур суғурта учун турли имтиёзлар тақдим этиш орқали уни ривожлантиришга эришадилар. Мамлакатимизда ҳам ҳаёт суғуртаси учун бир нечта имтиёзлар берилганди. Ушбу имтиёзларнинг амал қилиши натижасида мамлакатимизда ҳаёт суғуртаси бирмунча ривожланиб, ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган суғурта компаниялари сони ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ортган эди. Аммо ушбу имтиёзлар ичида энг муҳими, ўз ҳаётини узоқ муддатга суғурталаган фуқаролар учун улар тўлаган суғурта мукофотлари бўйича даромад солиғидан берилган имтиёз эди. Ушбу имтиёз 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бекор қилинди. Натижада суғурталанувчилар сони кескин камайиб кетди ва суғурта компанияларининг молиявий аҳволи қийинлашди. Масаланинг ечими, ушбу солиқ имтиёзини янгича шартлар асосида қайтадан тиклашдан ва муддати тугаб бораётган бошқа ушбу соҳадаги имтиёзларнинг муддатини узайтиришдан иборат.

– Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистонда суғурта соҳасининг аҳволи қандай ва унинг келажагини нимада кўрасиз? 

– Суғурта соҳаси ривожланиши учун бир қанча шарт-шароитлар бўлиши талаб этилади. Жумаладан, мамлакат иқтисодиётининг ривожлангани, корхоналарнинг молиявий мустаҳкамлиги, халқаро алоқаларнинг ва аҳоли даромадларининг юқорилиги, инфляция даражаси ва бошқа омилларнинг йил сайин ортиб бораётгани суғурта соҳасининг ҳам ривожланишини таъминламоқда. Суғуртанинг ялпи ички маҳсулотлари ҳиссаси бундан ўн йил олдин 0,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб ушбу кўрсаткич 0,7 фоизга етди. Албатта, бу кўрсаткич дунё мамлакатлари билан таққосланганда жуда паст, аммо ўсиш бор.

– Суғурта соҳасини ривожлантириш мамлакатимиз учун қай даражада зарур деб ҳисоблайсиз? 

– Ушбу саволга тўғри жавоб бериш учун узоқ тадқиқотларни амалга оширишга зарурат йўқ. Чунки ушбу соҳанинг ривожланган мамлакатларда самарали қўлланилаётган ва узоқ тажрибадан ўтган асоси бор. Давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги асосий вазифаси уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдан иборат эканини биламиз. Ушбу вазифани давлат суғурта воситасида амалга оширганда унинг самараси янада юқори бўлади. Суғурта воситасида амалга оширилган ижтимоий ҳимоя аниқ йўналтирилган бўлади. Суғурта воситасида иқтисодиёт субъектларининг барқарорлиги таъминланади, иқтисодиёт субъектлари учун узоқ муддатли инвестиция манбалари пайдо бўлади, халқаро иқтисодий ва туризм соҳасидаги муносабатлар ривожланади.

– Бугунги кунда мамлакатимизда суғурта соҳасида қандай муаммолар мавжуд ва уларни бартараф этишнинг қандай йўлларини таклиф этган бўлардингиз? 

– Мамлакатимиз суғурта бозорида кучли ва соғлом рақобат муҳити шаклланмаган. Бунинг сабаби: бозорнинг жуда кам қисми ўзлаштирилган, суғурта соҳасида юқори тажриба мавжуд эмас, чунки бозор чет мамлакатлар учун ёпиқ. Умумий суғурта тармоғида фаолият кўрсатаётган суғурта ташкилотлари асосан корхона ва ташкилотлар билан суғуртавий муносабатни йўлга қўйишга ўрганиб қолган, аҳоли билан ишлаш деярли йўқ. Корхона ва ташкилотлар билан суғуртавий муносабатларни йўлга қўйишда ноқонуний воситалардан фойдаланиш асосий ўрин тутади. Бу эса суғурта харажатларининг кескин ошиб кетишига олиб келади.

Натижада тўпланган суғурта мукофотларининг ўртача 20 фоизгача бўлган қисмигина суғурта қопламалари учун тўлаб берилмоқда. Бу эса потенциал суғурталанувчиларда суғурта соҳасига бўлган қизиқишни ва ишончни таъминламаяпти. Баъзи суғурта компаниялари борки, ўзлари тўплаган суғурта мукофотларининг суғурта тўловлари учун йўналтирган қисми 5 фоизга ҳам бормаяпти. Ушбу масалаларда давлат назоратини кучайтириш зарур. Суғурта бозоримизни чет мамлакатлар учун очиш керак. Натижада бозорда кучли рақобат таъминланади, чет мамлакатларнинг илғор тажрибалари кириб келади. Давлат суғуртадан ижтимоий ҳимоя воситаси сифатида фойдаланиши, мамлакатдаги мавжуд ички инвестицион имкониятлардан суғурта воситасида фойдаланишни йўлга қўйиши керак.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА