Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Республиканинг туризм салоҳиятини, биринчи навбатда инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилансин.

2. 2018 йил 10 февралдан бошлаб фуқаролари учун Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинишини ҳамда ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни назарда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинадиган мамлакатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази» ДУК Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК этиб қайта ташкил этилсин, унга республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишни ташкил этиш бўйича вазифалар юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

2018 йил 1 мартига қадар «Миллий PR-маркази» ДУК учун замонавий ва юқори технологик суратга олиш ускуналари, автотранспорт воситалари, шу жумладан юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автотранспорт воситаларини сотиб олишни ўз ичига олувчи зарурий моддий-техник базаси яратилишини, шунингдек, ижара тўловисиз зарурий хоналар ажратилишини;

2018 йил 1 апрелига қадар ижодий ва суратга олиш гуруҳларини, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш йўли билан шакллантиришни, шунингдек, уларни таъминлаш ва моддий рағбатлантириш учун зарурий маблағлар ажратилишини;

шакллантирилган ижодий ва суратга олиш гуруҳларининг сценарийлар ва суратга олиш ишлари концепциясини ишлаб чиқиш, республика ҳудудларига ижодий экспедициялар ва хизмат сафарлари, шунингдек, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича материалларни тайёрлайдиган бошқа ижодий гуруҳлар фаолиятини доимий асосда, шу жумладан аутсорсинг орқали молиялаштирилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг қуйидаги аҳоли қатламлари учун республика ҳудудлари бўйлаб туризм-экскурсия турлари ташкил этилишини кўзда тутувчи «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

таълим муассасалари ўқувчилари учун – таътил даври ва дам олиш кунларида;

ташкилотлар ходимлари учун – дам олиш кунларида, умуммиллий байрамлар ва таътил кунларида, айниқса, туризм мавсуми суст даврда;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун – санаторий-курортларда дам олишдан фаол фойдаланган ҳолда йил давомида;

кексалар, ёш оилалар, фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар ва бошқа жамоат бирлашмалари вакиллари учун – туризм мавсуми суст даврда.

6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

бир ой муддатда Дастурни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун киритсин;

Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда туризм хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг сифат, хавфсизлик ва нархларнинг рақобатбардошлиги мезонларидан келиб чиқиб Дастурда иштирок этиш ҳамда уларнинг Дастурни амалга ошириш доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини белгиласин;

2018 йилнинг 1 мартига қадар ўзининг расмий веб-сайтида Дастурда иштирок этиш шартлари, туризм-экскурсия дастурларини ташкил этиш механизмлари ҳақидаги, ҳамкор ташкилотчилар ва улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатлари ҳамда бошқа зарурий маълумотларни жойлаштирсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг тузилган халқаро шартномаларини мазкур Фармоннинг талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

8. Қуйидагилар:

а) асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахсларни улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан;

б) тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини 2022 йилнинг 1 январига қадар – белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материалларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари);

в) туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектларини 2022 йил 1 январга қадар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган:

ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари;

дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоотларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқ ва квадроцикллар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.

9. Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган олиб кирилаётган транспорт воситаларига автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда ва улардан фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат этилсин.

10. Белгилансинки:

2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн брон (банд) қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг солиққа солинадиган базаси электрон хизматларни, жумладан, электрон тўловлар, брон (банд) қилиш, эквайринг ва бошқа хизматларни, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишга йўналтирилган харажатлар миқдорига камайтирилади;

жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаган ҳолда тегишли сифатдаги уланишни таъминлашлари лозим;

ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан ягона солиқ тўлови бўйича базаси тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган харажатлар миқдорига камайтирилади;

жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга бундай ҳудудларни ташкил этган жойларда 18 кв.м.дан ортиқ бўлмаган ўлчамдаги реклама баннери ёки ромларини ўрнатиш ҳуқуқи беғараз асосда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатларини олмасдан тақдим этилади;

Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларида (Wi-Fi) тақдим этилаётган хизматлар сифатини назорат қилиш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

11. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг меҳмонхоналарни, туташ йўл, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиясини очиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси икки ой муддатда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шартларда кредитлар ажратилиши учун уларга кредит линияларини очсин:

меҳмонхоналар ва туташ йўл, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмалари объектлари учун импорт ускуналар ва технологияларни харид қилиш учун кредит муддати 15 йилни (имтиёзли давр – 5 йил) ташкил қилади. Мақсадли кредит линиясининг маблағлари ҳисобига битта мижоз учун ажратиладиган кредит ҳажми лойиҳа қийматининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим;

кредитлар ваколатли тижорат банкларининг инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг иқтисодий ва молиявий мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ижобий қарорлари асосида берилади. Бунда, бир қарз олувчига бериладиган кредит миқдори битта инвестиция лойиҳаси учун 10 миллион АҚШ долларидан ошмаслиги лозим.

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Dunyo Bo‘ylab» телеканали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белгилансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўн кунлик муддатда мазкур Фармонни ҳисобга олган ҳолда кириш туризмини ривожлантириш, ички туризмнинг жадал ривожланишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ваколатлари ва тузилмасини қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига
2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармон билан мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири – Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 3 февраль

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ

Ўзбекистон Республикаси бой маънавий-маданий меросга, турли-туман тарихий-археологик объектларга, қулай табиий-иқлим шароитига ва кўп тармоқли ижтимоий инфратузилмага эга бўлиб, бу эса туризмнинг турли шаклларини илдам ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратади.

Қисқа вақт ичида республикада туристик соҳани ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини комплекс равишда ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, улар ўз навбатида туризм соҳасидаги янги давлат сиёсатига асос бўлди, туризм соҳасидаги субъектларга аҳамиятли тарзда солиқ ва божхона имтиёзлари ва афзалликларини берди.

Шу билан бир қаторда, соҳада бир қатор ҳал этилмаган масалалар мавжудлиги, шу жумладан хорижий фуқаролар учун виза ва паспорт режимини либераллаштириш ишлари секин олиб борилаётганлиги, улар учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги, бой ички ва зиёрат туризмлари салоҳиятидан суст фойдаланилганлиги, инвестициялар, хусусан, хорижий инвестициялар секин жалб этилаётганлиги сабабли туризм инфратузилмасининг етарлича ривожланмаганлиги, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари етарлича татбиқ этилмаётганлиги соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Қайд этиб ўтилган масалаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Европа иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг, ҳамда Ҳиндистон Республикаси, Канада, Янги Зеландия, Америка Қўшма Штатлари каби 39 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинишини ҳамда ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг 2018 йил 10 февралдан эътиборан соддалаштирилган тартиби киритилди.

Мамлакатнинг туристик, маданий, табиий ва спорт салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ишларни янада фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази» ДУК Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК сифатида қайта ташкил этилди ҳамда унга республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишни ташкил этиш бўйича вазифалар юклатилди.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими жорий этилади.

Фармон қабул қилиниши билан республикада «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» номи остида мамлакат бўйлаб таништирув саёҳатлари ва турларини ташкиллаштиришнинг кенг миқёсли дастури ишга туширилмоқда, унинг доирасида бир миллионга яқин фуқароларимиз, шу жумладан ўқув муассасаларининг ўқувчилари ва талабалари, ногирон болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, ишчилар, нафақахўрлар, маҳалла фаоллари, аёллар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳам мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўладилар.

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхоналар, улар бўйидаги йўл, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун туризм соҳаси тадбиркорлик субъектларига кредит маблағларини ажратиш мақсадида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит линияларини очиш назарда тутилган.

Асосий фаолияти тематик хиёбонлар хизматларини ташкиллаштиришдан иборат бўлган юридик шахслар тематик истироҳат боғларини фойдаланишга топшириш санасидан бошлаб 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғини ҳамда ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари томонидан 2022 йил 1 январгача олиб кирилаётган жиҳозлар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва захира қисмлари ва қурилиш материаллари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган бошқа материаллар божхона тўловларидан озод этилади.

Бундан ташқари, туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари республика ҳудудига олиб кирилаётган туристик тоифадаги транспорт воситалари ҳамда канат йўли, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа шунга ўхшаш объект ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун жиҳозлар, механизмлар ва захира қисмлари, шунингдек, ҳаво шарлари, аэростатлар, квадроцикллар ва моторли қайиқлар учун 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод этилади.

Фармон билан Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олинган лицензияга эга бўлган туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун олиб кирилаётган двигатели ҳажми 2,4 л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган транспорт воситаларига автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда ва улардан фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат этилади.

Ахборот-коммуникация технологияларини туризм соҳасига жадал татбиқ этиш мақсадида Фармон билан қуйидагилар назарда тутилган:

2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн бронлаш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга электрон тўловлар, бронлаш, эквайринг ва бошқа электрон хизматларни татбиқ қилиш, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишни рағбатлантиришга йўналтирилган солиқ имтиёзларини тақдим қилиш;

жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудлари (Wi-Fi) билан жиҳозлаган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаш билан биргаликда тегишли сифатдаги уланишни таъминлаш бўйича мажбурият қўйилди;

ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган солиқ имтиёзларини жорий қилиш;

Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга бундай ҳудудлар ташкил этилган жойда беғараз асосда 18 кв.м.дан ортиқ бўлмаган майдондаги реклама баннери ёки ромларини ўрнатиш ҳуқуқини тақдим этиш.

Туну-кун намойиш этиладиган «Dunyo Bo‘ylab» телеканали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан қўриқланадиган табиат ҳудудларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича ахборот ҳамкори сифатида белгиланди.

Фармонда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши ички ва зиёрат туризмларини жадал ривожлантириш ва уларнинг бой салоҳиятидан ҳар томонлама фойдаланиш учун янада қулай шароитлар яратади.