Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги Ф-5006-сон фармойиши билан ташкил этилган Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия томонидан ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш соҳасидаги ишларнинг аҳволи комплекс ва чуқур ўрганилди.

Мазкур жараёнда аҳолинининг кенг қатламлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар ваколатхоналари юқори фаоллик ва дахлдорлик ҳиссини намоён қилдилар.

Ўтказилган комплекс ўрганиш, аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот якунлари бартараф этиш юзасидан таъсирчан чораларни тезкор кўришни талаб этувчи қатор тизимли камчиликлар ва муаммоларни аниқлаш имконини берди.

Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Мазкур таклифларни самарали амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Аҳоли билан ўтказилган очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот якунлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб:

Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш;

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик бўйича амалий чоралар кўриш ҳақидаги таклифлар қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳисоблансин:

ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;

тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини, шу жумладан диагностика, даволаш ва реабилитациянинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда юқори технологияли ихтисослашган тиббий ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали ошириш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишнинг самарали механизмларини яратиш, ногиронликнинг белгилари пайдо бўлган вақтдан бошлаб уларни кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволини таъсирчан мониторинг қилиш, уларнинг турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолаш, индивидуал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ягона комплекс тизимини жорий этиш;

тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар ўсишининг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ва олдини олишни ҳам назарда тутувчи профилактика тадбирларини кенгайтириш бўйича скрининг текширувларининг самарадорлигини кўтариш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларнинг уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ва моддий ёрдамни кенгайтириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шу жумладан сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш;

ногиронликни белгилаш ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тартиб-таомиллардан ўтишни соддалаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида давлат-хусусий ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш;

тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйларида васийликка олинганларнинг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, уларнинг реабилитацияси ва ижтимоийлашуви самарадорлигини ошириш;

протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни, шу жумладан чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб этган ҳолда модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий стандартларини жорий қилиш;

замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг илғор ютуқлари, диагностика, даволаш ва реабилитациянинг сифат стандартлари асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соғломлаштириш хусусиятидаги чора-тадбирларни яхшилаш, соғлом ва фаол турмуш тарзини олиб бориш маданиятини тарғиб қилиш;

ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги, шу жумладан ногиронликни белгилашнинг самарали мезонларини қўллашга қаратилган илмий тадқиқотларни фаоллаштириш.

3. Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қуйидагиларни таъминлаш чораларини кўрсин:

ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан катта ёшдагиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича ушбу соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус курсларни ташкил этиш;

тегишли материалларни нашр қилишни рағбатлантириш, муҳим соҳаларда аудио китоблар яратиш ва уларни жорий этишни назарда тутган ҳолда имо-ишора тили ва Брайль алифбосини қўллаш имкониятларини кенгайтириш;

кўриш аъзолари заиф шахсларга овоз эшиттириш имконини яратиш мақсадида турли хилдаги дастурий таъминотларга давлат тилида махсус дастурлар, шу жумладан компьютер операцион тизимлари яратиш, уларни ушбу шахслар ўқиётган ва ишлаётган таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда кейинчалик эркин тарқатиш, ўрнатиш, шунингдек, мазкур дастурларни яратиш учун салоҳиятли ҳомийлар топиш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун жойлаштирилган маълумотлар билан эркин танишиш ва хизматлардан фойдаланишга оид қўшимча имкониятлар жорий этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирларни кўриш.

5. Белгилансинки, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланади.

Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги “Ўзавтосаноат” АЖ ва Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти билан биргаликда икки ой муддатда:

автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари – ногиронлиги бўлган шахсларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

маҳаллий ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун махсус мосламалар билан қайта жиҳозлашни таъминлаш бўйича таклифлар киритсин.

6. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 апрелига қадар олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни квота асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. 2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун – бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли идораларнинг фаолиятини қуйидагиларга қаратилган таклифлар тайёрлаш билан бирга қайта кўриб чиқишни таъминласин:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилишга, шу жумладан уларни тўлиқ ва комплекс кузатган ҳолда кўрсатилаётган хизматларни мувофиқлаштиришга масъул бўлган ихтисослаштирилган идора ташкил этиш;

ихтисослаштирилган идора негизида ногиронликни белгилашни тўлиқ қамраб олувчи ягона тизимни ташкил этиш;

тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган шахсларнинг ногиронликка мувофиқлигини текшириш тартибини жорий этиш;

амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига жавоб бермайдиган самарасиз тузилмаларни тугатиб, тегишли штат бирликларини янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган идорага ўтказиш.

9. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам ва реабилитация сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Жамғармани, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини бузганлик учун қўлланиладиган жарималардан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобига шакллантиришни назарда тутган ҳолда, унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

10. 2018 йил 1 июндан бошлаб, ногиронлиги бўлган шахслар, тайинланган пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва берилган имтиёзлар тўғрисидаги комплекс маълумотларни ўз ичига олган, шунингдек, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини амалга ошириш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестридан фойдаланиш амалиётга татбиқ этилсин.

11. Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, бошқа манфаатдор идоралар объектлар лойиҳалаштирилиши ва қурилишида архитектура-қурилиш назоратини кучайтириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан эркин фойдаланишини таъминлаш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги принципини таъминлаш чораларини кўрсин.

12. Қуйидагиларга:

барча даражадаги давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари корхоналари билан товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришга оид шартномалар тузиш амалиётини кенгайтиришни таъминлаш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларига эфирга узатилаётган янгиликлар, телекўрсатувлар ва видеофильмларнинг субтитр ёки сурдо таржима билан олиб борилишини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот олиш имкониятини ошириш ва бўш вақти мароқли ўтишини таъминлаш учун махсус ҳарфли нашрларни кенгайтириш тавсия қилинсин.

13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар ногиронликни белгилаш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича, биринчи навбатда, қуйидагиларга қаратилган таклифларни белгиланган тартибда киритсин:

ногиронликни белгилаш механизмларини ва унинг муддатларини, шу жумладан ҳужжатларни улардаги муҳим ҳолатларнинг мазмунини мажбурий равишда асослаб ва тушунтириб расмийлаштириш тартибини назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

ногиронликни белгилаш тизимига яққол белгилари бўлган арз қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш, бунда унинг ушбу ҳолат мавжудлигини исботлаш мажбуриятини бекор қилиш;

коррупцияга сабаб бўладиган омилларни истисно этган ҳолда, зарур тартиб-таомиллардан ўтишнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, тартибини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган,
шу жумладан автотранспорт воситаларини бошқариш имконияти ҳақидаги маълумотларнинг тиббий хулосаларга киритилишини таъминлаш;

айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус даволанишдан ўтмасдан, шу жумладан тиббий текширув ўтказмасдан аниқланиши мумкин бўлган ногиронлик тоифалари учун стационар даволанишда мажбурий бўлишни бекор қилишни назарда тутган ҳолда, ногиронликни белгилашни аниқлаштириш ҳамда ҳужжатларни топшириш имкониятини кенгайтириш;

б) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар:

ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашишни таъминлаш ва уларга ногиронлик пенсияси ва нафақалари тўлашнинг халқаро стандартларига ўтиш заруратини;

айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларни, шу жумладан оғир руҳий касалликка чалинганларни парвариш қилувчи шахсларнинг пенсияга чиқиши ва нафақа олиши, шунингдек, алоҳида тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг имтиёзли пенсияга чиқиши имкониятини кенгайтиришни ҳисобга олган ҳолда ногиронликни белгилаш мезонлари ва ногиронлик пенсиялари, нафақалари тўлаш тартибининг қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларининг хориждаги етакчи ишлаб чиқарувчиларини аниқласин, кейинчалик ушбу соҳага, шу жумладан фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилишга кўмаклашиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда республикада янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш орқали чет эл инвестицияларини жалб қилиш қисми бўйича музокаралар ўтказсин.

15. Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари мазкур Фармоннинг, шу жумладан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилансин.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 1 декабрь

 
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ

Мамлакатда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

1992 йилда БМТ томонидан ногиронларга оид долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, уларни ижтимоий ҳаётга ва ривожланиш жараёнларига мослаштириш мақсадида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда дунёда тахминан бир миллиард, жумладан Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда. Кўпчилик ногиронлар кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келиб, бу уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Давлат раҳбари томонидан 2017 йил 1 августда қабул қилинган фармойиш билан Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия тузилди.

Комиссия томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди, жумладан:

мазкур соҳада амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси, шунингдек, давлат органларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Текширишлар якуни бўйича прокуратура органлари томонидан 400 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, 700 га яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 700 дан ортиқ шахс протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари билан таъминланди;

шаҳар ва транспорт инфратузилмасида ногиронлар учун қулайлик яратилганлиги ҳолати ўрганилди (жумладан, 64 598 та давлат органи объектларидан фақат 23 901 тасига ногиронларнинг кириш имконияти яратилган ва пандуслар мавжуд);

Интернет тармоғида ташкил этилган ижтимоий сўровлар давомида 500 дан ортиқ фуқародан таклифлар келиб тушди;

124 та давлат органи ва ташкилотининг сайтлари ўрганилди, улардан 83 тасида ногиронларнинг ахборот олиши учун махсус имкониятлар мавжуд эмас;

ногиронларнинг яшаш муҳити имкониятлари, таълим олиши ва бандлигини таъминлаш, уларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқарилиши масалалари бўйича Германия, Франция ва Швейцария давлатларининг тажрибаси бевосита ўрганилиб, таклифлар тайёрлашда инобатга олинди.

Ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши олиб борилган ишларнинг мантиқий якуни бўлди.

Инсонларнинг ногиронларга нисбатан муносабатини ўзгартириш, атрофдагиларни уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштироки ҳақида хабардор қилиш ногиронларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ўта муҳим ва биринчи навбатдаги қадам ҳисобланади. Ушбу мақсадда “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилмоқда ва у энг аввало, инсон эканлигини ҳисобга олган ҳолда умумэътироф этилган “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси киритилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чора-тадбирлар ташкил этилмоқда. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармон билан 51 банддан иборат чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилганНогиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Жумладан, тасдиқланган Дастур қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш;

ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш.

Кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар саводхонлигини ошириш имкониятининг паст даражада эканлиги уларнинг ижтимоий ҳаётда иштироки ва воқеалардан хабардор бўлишини тўлиқ чеклайдиган ўта муҳим муаммолардан бири бўлиб қолган. Шу муносабат билан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этишга оид чора-тадбирлар кўрилади.

Бундан ташқари, овоз орқали бошқариш мақсадида компьютер операцион тизимлари учун махсус дастурлар яратилади, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар жорий этилади.

Сир эмаски, шаҳар йўловчи транспортларининг махсус ускуналар билан жиҳозланмаганлиги ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойи ва бошқа муассасаларга етиб боришда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, светофорлар ва пиёдалар йўлакчалари қўшимча товуш ёрдамида бошқариш ускуналарига эга эмас.

Бунинг учун ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортини мазкур мақсадларга мослаштириш, бекат ва йўналишларни овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайликлар яратилади.

Шу билан бир қаторда, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланмоқда. Бу ногиронлиги бўлган шахсларга автобус ва бошқа шаҳар йўловчи транспорт турларидан фойдаланишни жиддий тарзда енгиллаштиради.

Ҳозирги кунга қадар миллий енгил автомобиллар фақат соғлом инсонлар учун мослаштирилган бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар эса махсус бошқарув имконияти мавжуд эмаслиги сабабли бундай автомобилларга эга бўла олмас эди. Келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланади.

Транспорт воситалари ҳайдовчилари – ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётида иштирокининг муҳим омилларидан бири уларнинг умумий саводхонлиги ҳисобланади. Бироқ, қатор сабабларга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларида ўқиш учун комплекс имкониятга эга бўлмаган.

Ушбу мақсадда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар киритилмоқда. Мазкур квоталар бўйича фақатгина ногиронлиги бўлган шахслар таълим олади, бу уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиради.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ҳам уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни кенг рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи томонидан тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси белгиланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишга масъул бўлган ягона идоранинг мавжуд эмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ташкил этилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда нафақат давлат, балки оддий фуқароларнинг иштироки ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари ногиронлиги бўлган шахслар аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ишлатилади. Ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларига бефарқ бўлмаган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик хайриялари ҳам жамғарма манбалари бўлади.

2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилмоқда, бу даволаш ва реабилитация ишларини самарали ташкил этишни таъминлайди.

Қайд этиш лозимки, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришнинг маънан эскирганлиги ҳамда ушбу воситаларни ишлаб чиқаришга оид кўплаб стандартларнинг мавжуд эмаслиги фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқариш соҳасига, жумладан фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилишга кўмаклашиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда республикада янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш орқали чет эл инвестициялари жалб қилинади. Шунингдек, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришга давлат стандартлари жорий этилади.

Қабул қилинган Фармон ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилашга хизмат қилади.