Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сон Фармони билан валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва валюта сиёсатини либераллаштириш, нархлар шаклланишининг бозор механизмларини жорий этиш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш бўйича таъсирчан чоралар белгиланди.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишларда биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида ўзаро ҳисоб-китобларни ҳуқуқий тартибга солишда норасмий хорижий валюта бозорининг фаолият кўрсатишига шароит яратаётган ҳамда валюта ва молиявий тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишга тўсқинлик килаётган айрим бўшлиқлар аниқланди.

Валютани тартибга солиш соҳасида давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, биржа ва кўргазма-ярмарка битимлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг шаффоф механизмларини шакллантириш мақсадида:

1. Қуйидаги тартиб ўрнатилсин, унга мувофиқ:

биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари орқали ҳисоб-китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар фақатгина биржалар ва ярмаркаларда рўйхатдан ўтган битимлар бўйича амалга оширилади;

биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади;

импорт шартномалари бўйича товар-хом ашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар фақатгина биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, транспортировка ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатилиши мумкин.

2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка биржа ва ярмарка савдоларининг аниқ чегарасини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифларни, шунингдек, Биржаларда ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш коидалари лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

биржалар томонидан биржа савдолари қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

4. Мазкур қарор ижросини назорат килиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 сентябрь