Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Хўжайли туманидан учта фермер хўжалигига келтирилган 87 миллион 827,7 минг сўмлик зарар ундириб берилди.

Ўтган йил феврал ойида Хўжайли туманидаги «Жанабой Жавлон», «Қамиш шоли Хўжайли» ҳамда «Саидбек Хўжайли» фермер хўжаликлари раҳбарларидан  Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўзларига тегишли  экин майдонлари ҳудудидан автомагистрал қурилиши бошланиши билан боғ ва дарахтларга келтирилган зарарни ундириб бериш бўйича ариза келиб тушди.

Кенгашнинг шартномавий-ҳуқуқий масалалар бўйича бош мутахассиси томонидан мазкур ариза ўрганилиб чиқилганда Хўжайли туман ҳокимининг 2017 йил 17 сентябрдаги қарорига, «Қорақалпоғистон беғараз баҳолаш» МЧЖ маълумотига асос Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ягона буюртмачи хизмати «Инжиниринг компанияси» томонидан тумандаги  «Қамиш шоли Хўжайли» фермер хўжалигига 42 553 590 сум, «Жанабой Жавлон» фермер хўжалигига 30 827 817 сўм,  «Саидбек Хўжайли» фермер хўжалигига 14 446 301 сум зарар келтирилгани маълум бўлди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 апрелдаги «2009-2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»нинг 6, 20, 23, 37, 86, 87 моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 19 моддасига мувофиқ аввалги Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши томонидан 2017 йил 25 феврал куни Нукус туманлараро иқтисодиёт судига даъво ариза киритилди. Мазкур даъво ариза 2017 йил 12 апрел кунги суд мажлисида кўриб чиқилиб, «Қамиш шоли Хўжайли» фермер хўжалигига 42 553 590 сўм, «Жанабой Жавлон» фермер хўжалигига 30 827 817 сўм,  «Саидбек Хўжайли» фермер хўжалигига 14 446 301 сўм зарарни ундириш бўйича ҳал қилиш қарори чиқарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ягона буюртмачи хизмати «Инжиниринг компанияси»нинг Хўжайли тумани ҳокимининг 2017 йил 17 сентябрдаги қарорини бекор қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судига ёзган даъво аризаси қаноатлантирарсиз қолдирилиб, фермерлар фойдасига ҳол этилди.

-Ҳудудимиздан автомагистрал қурилиши олиб борилиши муносабати билан бузилган боғ ҳамда дарахтларга келтирилган зарар «Қорақалпоғистон беғараз баҳолаш» МЧЖ томонидан 30 827 817 сўм деб баҳоланган бўлса ҳам, уни ундира олмасдан овора-сарсон бўлдик,-дейди «Жанабой Жавлон» фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Жанабоев.- Охири, Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ариза билан мурожаат қилдик. Кенгаш мутахассисларининг амалий ёрдами натижасида тегишли пулларимиз ундирилди. Бунинг учун миннатдорлик билдирамиз.

-Ўтган йил мобайнида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди,-дейди Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши шартномавий-ҳуқуқий масалалар бўйича бош мутахассиси Зийнатдин Нуратдинов.                                                                                                                                                                                                                                                                                                               -Жумладан, ўтган йил мобайнида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 11 миллиард 780,3 миллион сўмлик 247 та даъво ариза киритилган бўлса,  шундан 11 миллиард 680  миллион сўмлик 241 та даъво ариза фермерларнинг фойдасига ҳал этилди. Қолган 100 миллион сўмлик 6 та даъво ариза бугунги кунда суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

 

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси