“Насаф” ОЧЛнинг гуруҳ босқичида!

“Насаф” ОЧЛнинг гуруҳ босқичида!

Қаршининг “Насаф” жамоаси Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига саралаш баҳсида ўз майдонида Иорданиянинг «Ал-Файсали» жамоасини қабул қилди.

“Насаф” футболчилари ўйинни ҳужумкор руҳда бошлади. 12-дақиқада Славко Лукич томонидан бурчакдан узатилган тўпни Игорь Голбан дарвозага боши билан жойлаб қўйди. Ҳисоб – 1:0. Мазкур ҳисоб биринчи бўлимнинг якунига қадар сақланиб қолди.

9.jpg

Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида “Насаф” жамоаси аъзолари бурчак тўпидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Ушбу голга Бобур Абдухолиқов муаллифлик қилди. 52-дақиқада яна бир ёш футболчимиз Азизжон Ғаниев жарима майдони ташқарисидан дарвозани аниқ нишонга олиб ҳисобни 3:0 га етказган бўлса, Драган Черан 61-дақиқада пенальтидан гол урди. 86-дақиқада Дониёр Нарзуллаевнинг тўп узатмасини «Ал-Файсали» жамоаси аъзоси Ёсир Ал Равашдеҳ ўз дарвозасига жойлаб қўйди.

2.jpg

Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган сўнгги дақиқада «Ал-Файсали» футболчиси Албан Меҳан жарима тўпидан гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Якуний ҳисоб – 5:1.

8.jpg

Шундай қилиб, «Насаф» жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг “C” гуруҳида “Персеполис” (Эрон), “Ас-Садд” (Қатар), “Ал-Васл” (БАА) футболчилари билан куч синашади. 13 февраль куни гуруҳ босқичининг биринчи ўйинида футболчиларимиз Эронда «Персеполис» жамоаси аъзоларига қарши майдонга тушади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

  31.01.2018, 07:21  |    221 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!