Калифорния университети олимлари зарчўванинг яна бир фойдали хусусиятини аниқлади

Зарчўва – фойдали зиравор. Биз одатда ундан ош тайёрлашда фойдаланамиз. Бироқ Ҳиндистон, Покистонда ва бошқа бир қатор Шарқ мамлакатлари бу зираворни ҳар куни истеъмол қилади.
Зарчўва қон айланиш тизимини яхшилаш, қандли диабет, бўғим оғриғи, ошқозон-ичак, шамоллаш каби касалликларни даволашда жуда фойдали. Чунки зарчўванинг илдизи бу кучли оксидант, куркумин деб аталувчи сариқ рангли пигмент, шунингдек, кальций, темир, йод, фосфор, кальций, С ва В группасига кирувчи витаминлар, эфир мойи ва бошқа моддаларга бой.
Калифорния университети олимлари хулосасига кўра, зарчўва қўшилган таомни ҳар куни истеъмол қилиш соғлом инсонда хотирани яхшилаш ва ақлий заифлик аломатлари билан курашишга ёрдам берар экан. Бу ҳақда РИА Новости хабар беради.
Бу зираворининг фойдали хусусиятларини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказилди. Унда 50 дан 90 ёшгача бўлган 40 нафар иштирокчида бу жараён ўрганилди. Паришонхотирлик ва хотиранинг ёмонлашганидан шикоят қилган иштирокчилар ўн саккиз ой мобайнида дори ўрнида плацебо ёки 90 миллиграмм куркуминни (зарчўва илдизидан олинадиган модда) кунига икки маҳалдан қабул қилган.
Текширув ва диққатни аниқлаштирувчи тест натижаларига кўра, уларнинг эътибор жамлаши 28 фоизга яхшиланган. Хушбўй зиравор улар кайфиятига ижобий таъсир этган. Аммо бунда зираворнинг нохуш асорати ҳам аниқланди. Куркумин моддасини қабул қилган тўрт киши қориндаги оғриқ ва кўнгил айнишидан шикоят қилган.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА