Бишкекда ўтган тундаги кескин совуқ икки кишини ҳаётдан олиб кетди

Тез тиббий ёрдам хизматчилари совуқ урган 12 кишини Қирғизистон пойтахти касалхоналарига етказди, деб хабар беради РИА Новости. 
Синоптиклар берган маълумотга кўра, 29 январь тунида Бишкекда ҳаво ҳарорати 25 даража совуққача тушиб кетган. Тоғли ҳудудларда эса 40-45 даража совуқ бўлган.
Аномал ҳарорат сабаб 26 январда Бишкекдаги ягона иссиқлик қуввати марказида авария содир бўлган. Оқибатда иситиш қувурларидаги сувнинг ҳарорати минимал даражага тушиб кетди. Пойтахт мактабларида ўқув машғулотлари тўхтатилган. Қаҳратондан автомобиллардаги ёнилғигача музлаб қолмоқда.
Айни вақда фавқулодда вазиятлар бўлимлари кучайтирилган режимда ишламоқда. Бишкекнинг энг гавжум жойларида исиниб олишга мўлжаланган вақтинчалик пунктлар ташкил қилинган. Уларда иссиқ овқат, қайноқ ичимлик ва тунаш учун жойлар бор. Олинган маълумотга кўра, ўтган туннинг ўзида бу пунктларга 800 дан зиёд одам мурожаат қилган.

 

ЎзА