Ришод Собиров Ўзбекистон дзюдо федерациясининг спорт директори этиб сайланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, дзюдо федерацияси раҳбарлари, вилоят дзюдо федерациялари вакиллари, мураббийлар, спорт жамоатчилиги иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Алишер Акмалов сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортни, жумладан, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган дзюдони ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро майдонда эришилаётган ютуқлар салмоғини янада ошириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг матбуот хизматидан хабар қилишларича Конференцияда бугунга қадар Ўзбекистон дзюдо федерациясининг Бош котиби лавозимида ишлаб келган Ришод Собиров федерация спорт директори сифатида сайланди. Абдулла Муродов эса мамлакат дзюдо федерациясига Бош котиб этиб тасдиқланди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА