“Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” заводида йилига 16 минг “Peugeot Expert” ва “Peugeot Boxer” русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади

Ўтган йили қурилиши бошланган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” заводи тўғрисида бугун хорижда ҳам яхши билишади. Умумий қиймати 133,3 миллион евро бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 16 минг “Peugeot Expert” ва “Peugeot Boxer” русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бундай замонавий автомобилларга Франция, Эрон, Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида эҳтиёж катта. 
Шу кунларда завод қурилиши учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ажратилган 45 гектарлик ерда иш қизғин. Инвестиция лойиҳаси доирасида корхонанинг қурилиш-монтаж ишлари жорий йил май ойига қадар амалга оширилади, 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди.
peugeot-boxer-volume-445.93778.19.jpg
Бу заводнинг ишга туширилиши ҳам тармоқдаги бошқа корхоналарда иш ҳажмининг ошишига олиб келади. Корхона иш бошлаган биринчи йилдан бошлаб автомобиль бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан зиёд ўрта ва кичик корхоналарни жалб этиш йўли билан камида 50 фоиз маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш режалаштирилган. Янги корхонада 600 дан зиёд иш ўрни яратилади.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА