Ўзбекистонда меҳмонхоналарга муносабат уларнинг “юлдузлари”га боғлиқми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузуридаги пресс-холлда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқимизнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш, «Хавфсиз туризм» концепцияси ижроси, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини жаҳон сайёҳлик бозорига олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

10.JPG

Ўтган йили мамлакатимизга 2,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган, туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этган. Туроператорлик хизматларини кўрсатувчи 128 тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 561 тага етган.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд Сити” туризм зоналарини ташкил қилиш, умумий ҳисобда 450 га яқин лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 50 маданий мерос объектини реставрация ва консервация қилиш, 50 дан ортиқ меҳмонхона қуриш ва қайта тиклаш, 100 га яқин умумий овқатланиш объектини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Хорижий сайёҳлар учун виза ва рўйхатга олиш таомили соддалаштирилди. Якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди ва визаларни расмийлаштириш нархи 60 доллардан 40 долларга туширилди.

Тармоққа ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий этилмоқда. Мамлакатимиздаги 600 дан ортиқ сайёҳлик объектини бирлаштирган «E-Mehmonxona» автоматлаштирилган тизими ишга туширилиб, хорижий ва маҳаллий фуқаролар ҳисобини олиб бориш жараёни ва бу борадаги ҳисоботлар электрон шаклга ўтказилди.

18.JPG

Барча аэропортларда «яшил» ва «қизил» йўлаклар ташкил этилди. Сайёҳларга шаҳарларимиз харитаcини бериш, такси ҳайдовчиларининг маданиятини ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Хорижий сайёҳлар эътирозига сабаб бўлаётган омиллар, масалан, кафе ва ресторанларнинг тунги ишлаш вақти чеклангани, бир-икки юлдузли меҳмонхоналарга кам эътибор қаратилаётгани, автобуслар етишмаслиги, ҳудудларда санитария-гигиена масканлари етарли эмаслиги каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилиши таъкидланди.

 

Матназар Элмуродов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА