Шанба куни Американинг Гавайи штати томон баллистик ракета учиб келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Хабарда “тревога” одатдаги машғулот сигнали эмаслиги ва одамлардан имкон қадар панароқ жойга беркинишлари сўралган. Бундай маълумотнинг тарқалиши маҳаллий аҳоли ўртасида саросимага сабаб бўлди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Журналист Сара Доншей Twitter даги саҳифасида ракета зарбаси ҳақида яқин қариндошларидан эшитганини айтган.
“Бу пайтда, менинг оилам қирғоқнинг шимолий томонида эди. Улар қўнғироқ қилиб, гаражда беркиниб олишганини айтишар, онам ва синглим тинмай йиғлашарди. Ёлғон хабар барчада саросима уйғотди”, дейди журналист.
Голливуд актёри Жим Керри хавф яқинлашаётгани ҳақидаги огоҳлантиришни “ақлдан озиш” дея баҳолади. “Мен ушбу тонг Гавайида уйғондим ва менда 10 дақиқа борлигини айтишди”, дея қайд этган Жим Керри.
Маҳаллий депутат Мэттью Лопрести портлаш юз бериши ҳақидаги хабар тарқалгач ўз ҳолатини қуйидагича изоҳлади: “Биз оиламиз билан ваннада беркиниб, худога илтижо қилардик. Яқин қариндошларимга қўнғироқ қилиб, панароқ жой топиб жон сақлашларини сўрадим”.
Star Advertison маҳаллий нашри мухбирларининг маълум қилишича, хабар тарқалгач пойтахтда одамлар ўз транспортини тарк этиб, кўприк ва тоннеллар ичига беркинишган.
Ракета зарбаси ҳақидаги хабарнинг ёлғон экани 38 дақиқа ўтгач маълум қилинди. Штат губернатори Дэвид Айж халқдан узр сўрар экан, воқеа хавфсизликка жавобгар хизмат ходимларидан бирининг тугмани нотўғри босиши туфайли содир бўлганини айтган.
Ёлғон хабарнинг тарқалишида ким айбдор?
Шундан сўнг, штат маъмурияти фавқулодда вазиятларда аҳолини огоҳлантириш тизимини ўзгартирган. Бу ҳақда маҳаллий фавқулодда вазиятлар хизмати бошлиғи Верна Миягига таяниб USA Today маълум қилди.
“Биз юз берган воқеадан сўнг янги йўриқномани ишлаб чиқдик. Эндиликда тревога тугмасини ишга тушириш ва яқинлашаётган хавф ҳақида огоҳлантириш билан икки нафар ходим шуғулланади. Шунингдек, турли даражадаги хавфнинг яқинлашаётгани ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиққанда, уни бир неча сония ичида бекор қилиш имкони пайдо бўлди”, дейди Верна Мияги.
Аввалроқ, АҚШ ҳукуматида Гавайида ракета зарбаси ҳақидаги нотўғри маълумотнинг тарқалиши бундай вазиятларда ҳукумат томонидан огоҳлантиришлар бўйича етарли назоратнинг амалга оширилмаслиги сабаб экани айтилган эди. Хусусан, АҚШ алоқалар бўйича Федерал комиссияси раҳбари Ажит Пай воқеалар Гавайи ҳукуматининг айби билан юз берганини таъкидлаган.
“Бу ўринда Гавайи маъмурлари хабарнинг ишончли эканини текширишлари керак эди. Уларда хавфни аниқлашнинг назорат механизми йўқ”, дея таъкидлаган Ажит.
Трамп ёлғон хабарлар билан боғлиқ муаммони ҳал этишга ваъда бермоқда
Президент Гавайида юз берган ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтмоқда.
“Бундай ҳолатнинг қайта содир бўлмаслигига умид қиламиз. Биз муаммоларни ҳал этамиз”, деди Трамп якшанба куни журналистларга берган интервьюсида.
Шунингдек президент Гавайи штати аҳолиси учун доимий хавфнинг мавжудлигини КХДР томонидан қилинадиган таҳдидлар билан изоҳлади. Унинг қайд этишича, бу ҳудудда АҚШнинг Тинч океани қўмондонлиги базаси бор ва бу КХДР ҳужум қилиши мумкин бўлган нуқтадир.

 

ЎзА