Hamid Olimjon.jpg

Ҳамид Олимжон
 
ЎЗБЕКИСТОН
Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди манда…Чаппор уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим ватан тупроғин.
Одамлардан тинглаб ҳикоя
Ўсар эди шоирда ғоя.
Дарёлардан куйлаб ўтардим,
Эртакларга қулоқ тутардим.
Ҳаммасини тинглардим, аммо,
Ўхшашини топмасдим асло.

***

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон, –
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин;
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофда ёйганда гилам,
Асло йўқдир бундайин кўклам.
Тоғлардаги қип-қизил лола
Бўлиб гўё ёқут пиёла,
Булоқлардан узатади сув,
Эл кўзидан қочади уйқу.
Далаларда бошланади иш,
Бошланади ижод ва турмуш.
Кундан-кунга ўсади пахта,
Барг чиқади хар бир дарахтда,
Олмазорлар гулин тўкади,
Мева боғлаб шохин букади.
Шаҳарларда ишга чиқиб эл,
Одам билан тўлар Текстиль.
Ҳаммасининг бир истаги бор,
Ҳаммаси ҳам хурсанд, бахтиёр.
Бу ўлкада ҳар нарса бордир,
Кўрмаганлар доим хумордир.
Аму билан Сирдан сув ичган,
Зарафшонни лойлатиб кечган
Чавандозлар бордир бу элда.
Баҳор чоғи пишқирган селда
Арғумоқлар қўшиғи бордир,—
Бу шундайин ажиб диёрдир,
Даласида ўсмас тиканлар,
Чўлларида чопмас илонлар;
Қуш учганда куймас қаноти,
Одам ўтса қуримас зоти;
Чанқов қолиб йўловчи ўлмас,
Хар бурчакда бошкесар бўлмас.
Кулбаларни келиб босмас қум,
Гўдакларни ютмас оч ўлим.
Одамга бахт ва толе ёрдир,—
Бу шундайин ажиб диёрдир.

Бунда булбул китоб ўқийди,
Бунда қуртлар ипак тўқийди,
Бунда ари келтиради бол,
Бунда қушлар топади иқбол,
Бунда қорнинг тагларида қиш.
Баҳор учун сўйлайди олқиш.
Бир ўлкаки ҳуснга бойдир,
Бунинг энг зўр кўзгуси ойдир;
Бир парча ўт бўлиб бунда кун
Пахтасига ишлайди ҳар кун.
Ботирлари канал қазади,
Шоирлари ғазал ёзади,
Куйчилари ўқийди ялла.
Жувонлари айтади алла,
Пазандаси ёпади ширмон,
Қарилари кутади меҳмон, —
Бу шундайин ажиб диёрдир.

***

Шундай ўлка доим бор бўлсин,
Шундай ўлка элга ёр бўлсин.
Омон бўлсин оғайнилари,
Омон бўлсин дўстларнинг бари.
Доим бўлсин Ватаним омон,
Шундай бўлсин бу бутун жаҳон.

***

Шафтолизор боғларни кўрдим,
Гул кўкарган тоғларни кўрдим,
Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,
Оппоқ бўлди бу, азиз тупроқ.

Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди менда…

—————————–
 
Эркин Вохидов.jpg
Эркин Воҳидов
ЎЗБЕГИМ
(қасида)
Тарихингдур минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Урхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Узлуқ,
Балки Тархон ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қоон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю
Икки дарё—икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига
Толпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим,

Туздиго Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди нарвон ўзбегим.

Мир Алишер наърасига
Акс садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон ўзбегим,

Мирза Бобир — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг тулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халқим,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, узбегим.

Ортда қолди кўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуъла афшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул,
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.

Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон, ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.

Қайга бормай бошда дўппим,
Ғоз юрарман, гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт
Ўзбегим, жон ўзбегим.

————————
oripov.jpg
Абдулла Орипов
ЎЗБЕКИСТОН
 

Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун —
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри.
Бир ўлка бор дунёда бироқ—
Битилмаган достондир бори:
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,
Тополмасам чекмасман алам.
Ўтирмасман эртаклар сўзлаб,
Мусалло деб йўнмасман қалам.
Кўкламингдан олиб сурурни,
Довруғ солди устоз Олимжон,
Ғафур Ғулом туйган ғурурни
Қилмоқ мумкин дунёга достон.
Олис тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,
Илғай олмас барчасин кўзим.
Мақтамайман мозийни, бироқ
Ўтмишингни ўйлайман бир зум.
Забтга олиб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир.
Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди оқсоқ жаҳонгир.
Демам бу кун у маним, маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир калом бор гап аввалида.
Осмон илми туғилган илк бор
Кўрагоний жадвалларида.
Қотил қўли қилич солди маст,
Қуёш бўлиб учди тилла бош.
Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,
У — Улуғбек кўзидаги ёш.
Ерда қолган, о, таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним!

Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз-кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё,
Ҳаммасига гувоҳ — ер ости.
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳоигири кам бўлар, рости.
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўзладим, аммо
Бир зот борким, баридан суюк:
Буюкларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен ўзингсан энг сўнгги нонин
Ўзи емай ўғлига тутган.
Сен ўзингсан фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Она халқим, жон-таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Бош устингдан ўтди кўп замон,
Ўтди Будда, ўтди зардушти.
Ҳар учраган нокасу нодон,
Она халқим, ёқангдан тутди.
Сени Чингиз ғазабга тўлиб
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.
Жалолиддин самани бўлиб
Сакраб ўтдинг Амударёдан.
Сенсан ўшал саманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Толеингда бор экан яшаш,
Гоҳ қон ичдинг, гоҳида шароб.
Бўлмай туриб, юртим, хомталаш,
Бош устингга келди инқилоб.
Чора истаб жанг майдоиидан
Самоларга учди унларинг,
Шаҳидларнинг қирмизқонидан
Алвон бўлди қора тунларинг.
Алвон бўлди кафаним маним,
Ўзбекиетон, Ватаним маним.

Тинч турарми бу кўҳна олам,
Тинч турарми дорули замон.
Оромингни бузди сенинг ҳам
Фашист деган ваҳший оломон.
Қоним оқди Данцигда маним,
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин, юртим, кезолмас ғаним
Ўзбекистон аталган боғда,
Сен-ку номус ва шаъним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
— Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: — Пахтам қолди-ку ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдииг, умри маҳзаним маним…
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Сен кетарсан балки йироқда,
Фарғонада балки балқарсан.
Балки чиқиб оқарган тоққа,
Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан.
Балки устоз Ойбекдек тўлиб
Ёзажаксан янги бир достон.
Балки Хабиб Абдулла бўлиб,
Саҳроларда очажаксан кон.
Тупроғи зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Майли, юртим, кезсанг ҳам дунё,
Фазоларга қўйсанг ҳам қадам,
Ўзлигингни унутма асло,
Унутма ҳеч, онажон ўлкам.
Бир ўғлингдек мен ҳам бу замон.
Кечмишингни қилдим томоша.
Иқболингни кўролдим аён
Эркин ва ҳур кенгликлар оша.
Иқболи ҳур, шўх-шаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

 

ЎзА